Беларусь президенти Александр Лукашенко Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)даги энг асосий одам деб атади. Бу ҳақда Лукашенко Душанбега ишчи ташрифи чоғида бўлиб ўтган музокараларда маълум қилди.
Музокаралар ва ундан кейин оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Лукашенко ва Раҳмон Беларусь ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида гапирди. Лукашенко Минск Душанбега ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади ҳамда бу самарали музокаралар мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирди.
Лукашенко, шунингдек, Раҳмон билан ўн йилдан кўпроқ вақт давомида бирга ишлаётганини таъкидлади ва шунинг учун ўзларини «оқсоқоллар» деб ҳисоблашини айтди. Лукашенко Раҳмонга мурожаат қилиб, уни МДҲдаги энг асосий шахс деб атади.
— Шухрат Раззаков (@ShuhratRazzakov) October 12, 2022
"Сиз оқсоқолсиз. Ҳозир МДҲдаги энг асосий одамсиз. Буни ҳаммамиз тан оламиз. Мен сиз билан биргаман", — деди у ва шу сабабдан МДҲ ривожида кўп нарса унга ва Раҳмонга боғлиқлигини қўшимча қилди.
Александр Лукашенко Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода билан ҳам учрашди ва суҳбат давомида Раҳмонни нега ҳурмат қилишини айтди.
- "Босиб ўтилган йўл осон бўлмади. Кеча мен унга айтдим: Биз шунча вақт бирга ишладик, лекин бирор марта кескин гапирганимизни, жанжаллашганимизни, ҳатто баҳслашганимизни эслай олмайман. Бизда барча масалаларда ҳамиша ягона позиция бўлган. Ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Бу дўст бўлганимиз учун эмас. Мутлақо ҳамфикр эканлигимиз учун. Мен учун у ҳамиша ўз ватанига садоқат ва фидойилик намунаси бўлиб келган", — деди Беларусь раҳбари.
Александр Лукашенко шунингдек, икки давлат муносабатларидаги муваффақиятлар ҳақида гапирди.
- "Халқларимиз бир-бирига ўхшаш. Ҳаттоки, улар бир-биридан фарқ қилмайди, деган бўлардим: улар меҳрибон, меҳнаткаш, истеъдодли халқлар. Ва бу борада муносабатларимизда муайян муваффақиятлар бор", — деди Александр Лукашенко.