Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Иван Тертел шу йилнинг 9-май куни мамлакатда Ғалаба кунини нишонлаш арафасида террорчилик ҳаракатларига чек қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда БЕЛТА хабар берди.
“Бизнинг ҳудудимизда терактлар уюштиришга уриниш ҳолатлари аниқланди. Ва биз бу Ғалаба куни билан боғлиқлигига ишонамиз”, дейди Тертел.
ДХҚ раҳбарининг айтишича, ҳужумларга тайёргарлик кўраётган 4 киши қўлга олинган. Улардан икки нафари аёл, икки нафари эркак бўлиб, ҳаммаси 30 ёшдан кичик шахслар бўлган. Тертел, шунингдек, зудлик билан Президент Александр Лукашенко воқеа ҳақида хабардор қилинганини айтиб ўтган.
“Sputnik Беларусь” хабар беришича, Беларусда 9-май куни режалаштирилган терактлар учун портловчи моддалар Америкада ишлаб чиқарилган. Нашрда режалаштирилган ҳужумлар ортидаги ташкилот излари Украинага етаклаши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадига хорижий давлат етакчиларидан етти нафар МДҲ давлати вакиллари ташриф буюрганди. Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари – Қосим-Жўмарт Тўқаев, Сердар Бердимуҳамедов, Садир Жапаров, Эмомали Раҳмон ҳамда Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Александр Лукашенко ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этган. Лукашенко ва Садир Жапаров параддан кейин бўлиб ўтган кечки овқат пайтида қатнашмаган.