Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги – олдинга юряпмизми ёки орқага?

Улашиш:

Фото: KUN.UZ
Омадсизликка учраган совет тажрибаси

Давлат назорати остида юритиладиган иқтисодиёт ўзини оқламади – “инсон устида назоратчи турмаса, ишламайди” деган, хусусий мулкни бекор қилишга уринган коммунистик тажриба фавқулодда омадсизликка учраганига салкам 40 йил бўлди.

Иқтисодиёт эркинликка ва инсоннинг ўз шахсий манфаати учун ҳаракат қилиши каби базавий стимулларга ястангандагина ривожланиши амалда ўз исботини топди.

Бундан тегишли хулосалар чиқарилдими? Ҳа – иттифоқ парчаланган заҳоти, постсовет давлатларининг ҳаммаси энди иқтисодиётни бозор механизмлари асосида юритишини эълон қилди. Ва, айтиш мумкинки, қаерда бозор тамойилларига кўпроқ ўтилган бўлса, ўша ерда (ҳудудда, соҳада) ишлар яхши кўриниш олди.

Абсурд ҳолатлар

Аммо, 70 йиллик омадсиз тажриба “унутилган”, ҳисобга олинмаган ҳолатлар ҳам бўлди ва, афсуски... бўляпти. Ўзбекистон мустақиллик даврида ўзининг асосий иқтисодий сектори бўлмиш қишлоқ хўжалигини қай аҳволга солгани – бунга яққол мисол.

Аввалида тўғри кўриниш ола бошлаган ислоҳотлар кейинчалик яна ўша – эски “режали иқтисодиёт”га юзланиш билан давом этди: деҳқонга эрк бармасдан, аксинча, устига режа юклаш ва назорат қилиш эвазига соҳани юритишга ўтилди.

70 йиллик аччиқ тажриба худди бўлмагандек...

Натижада соҳанинг улкан потенциали заволга учради. Юзлаб миллиард доллар келтириши мумкин бўлган, миллионлаб одамларни ишлик қилиши мумкин бўлган, қишлоқларда оёғида мустаҳкам турадиган бутунбошли синфни юзага келтириши мумкин бўлган, мамлакат иқтисодиёти ривожи учун драйвер бўла оладиган соҳа деярли барбод бўлди.

Чунки соҳа бозор муносабатларига ўтказилиши, шахсий манфаат стимули ишга солиниши ўрнига, яна советча муносабатларга – ўтмишга улоқтирилди.

Буни бемалол миллий фожиа деб атасак бўлади...

Зеро айнан шу омил сабаб қишлоқларда ишсизлик миқдори ошиб кетди, ҳаёт даражаси тушиб кетди, миллионлаб одамларимиз ишлаш учун Россия ва бошқа мамлакатларга йўл олди, миллионлаб болалар отасиз, кўплари ҳатто онасиз катта бўлди. Бу дегани бир авлод расман тўлиқ, аслида тўлиқсиз оилаларда – нуқсонли тарбия кўриб катта бўлди ва... бўляпти. Эркаклардан ташқари минг-минглаб аёллар оиласини, юртини ташлаб, ўзга юрталарда сарсон. Фожиа деб яна нимани айтиш мумкин?..

Шу вақт мобайнида минглаб ҳақиқий деҳқонлар деҳқончиликни тарк этишди... Нега?

Чунки бунақа – носоғлом, мантиқсизликларга тўлган, умрларни, имкониятларни, ер-у сувни заволга учратадиган “тизим”да улар ишлай олмади. Эрта-ю кеч йиғилишларда ўтириш, ҳокимдан кунора ҳақорат эшитиш, пахта заводларидаги “ўйин”лар... пора бериш лозимлиги... кун кўриш учун солярка, селитра ва ер сотиш... Буларга кўпчилик ҳамиятли деҳқонлар бардош беролмади, албатта.

Баъзида ҳозирги фермерлар ҳақида салбий тавсифлар айтилади... Яна қанақа бўлсин ҳозирги фермерлар, бундай – “тескари селекция”дан ўтган бўлса, асл деҳқонларнинг кўпи фермерчиликни ташлаган бўлса, чиркин вазиятга чидолмаган бўлса?.. Деҳқончиликдан йироқ бўлган кўплаб одамлар фермерчиликка кириб қолган бўлса?..

Янги президент даврида соҳа ислоҳ қилина бошланди. Киммунистик мафкурадан қолган режали қишлоқ хўжалигидан қутулишга киришилди. Пахта ва буғдой етиштириш соҳасини давлат монополиясида ушлаб туриш каби мантиқсизликдан воз кечиляпти, соҳага тоза ҳаво кира бошлади. Бироқ...

Қишлоқ хўжалиги кластерлари

Эски коммунистик ғояда суяги қотган маслаҳатчилар томонидан яна ўша – одамларни назорат қилишга, бошқаришга асосланган тизим таклиф этилди. Бу формат қишлоқ хўжалигида бозор тамойилларига хилоф бўлган бир қанча унсурларни жорий қилди. Ҳар бир туманда деярли рақобатсиз фаолият юритадиган, фермерларни танловсизликка дучор қилган, кўп жиҳатдан деярли “батрак”ларга айлантирган тизим юзага келтирилди.

Яна ўша, “кимдир деҳқоннинг боши устида турмаса, ишламайди” деган советча тамойил...

Фермерлар синфи – омматан олганда ҳуқуқларини билмайдиган, бўш бланкаларга қўл қўйиб келган гуруҳ... Бундай вазиятда уларни кластерларга тобе қилиш албатта ва албатта ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқариши табиий эди. Ва шундай бўлди ва бўляпти ҳам. Ҳуқуқларини ҳимоя қилишни билмайдиган, ўрганмаган бу тоифанинг бундай вазиятда ҳуқуқлари таъминланиши амри маҳол экани, ҳуқуқбузарликлар олдида ожиз қолиши аввалдан маълум эди...

Нотенг муносабатлар

Қишлоқ хўжалиги кластерлари ва фермерлар ўртасидаги муносабатларнинг аксари яққол нотенг қурилган.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, кластер фермерни ҳар кўйга солиши мумкин ва бу учун унга нисбатан бирон чора кўрилиши амри маҳол. Ўғит, ёқилғи ва бошқа манба-ю воситаларни биржадан арзон олиб, фермерга қиммат сотиш, тўловларни вақтида қилмаслик, пахта қабул қилиш пунктларида маҳсулот сортини пасайтириш ва ҳоказо, ва ҳоказо ишлар – буларнинг барчаси ҳақида бизга жуда кўп мурожаатлар тушган. Фермер дод деса, ҳеч ким эшитмайди.

“Биз яхшимиз”

Қишлоқ хўжалиги кластерларига нисбатан ҳар қандай танқидий чиқишлар ўша кластерлар томонидан қаршиликка учрайди: “Биз кўплаб ишчи ўринлари яратяпмиз, маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз” деб чиқишади, блогер-у журналистлар учун пресс-турлар уюштиришади ва ҳоказо. Аммо масала қайсидир корхоналарнинг “яхши ёки ёмонлиги”да эмас, гап истиқболи кўримсиз бўлиши аввалдан маълум бўлган, бозор тамойилларига зид, ҳеч бир томонга хотиржам, виждон тинч бўладиган ҳолатда ишлаш имконини бермайдиган тизим шаклланганида.

Рақобат, эрк, қонун устиворлиги керак

У ер-бу ерда пайдо бўла бошлаган, фермерларнинг кўнгилли бирлашуви асносида куртак ола бошлаган қишлоқ хўжалиги кооперативлари маҳаллий маъмурий идораларнинг ноқонуний қаршилигига учраганини ёритган эдик.

Шу ерда айтиш керакки, сўз эркинлиги бўлмаганда бунақа ҳолатларни жамоатчилик билмай ҳам қоларди, ва “ўзбошимча фермерлар”нинг овози аллақочон ўчирилган бўларди...

Нега керак бўлди бу идораларга икки тадбиркорлик субъекти ишига аралашиш деган саволга жавоб шуки, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамон катта коррупцион майдонлигича қолмоқда. Ва бунинг ҳеч ҳайратланарли жойи йўқ – фермер ўз маҳсулотини ўзи эгалик қиладиган тизим шаклланмагунча, унинг меҳнати маҳсулини коррупцион йўл билан ўзлаштиришга уриниш – табиий ҳол. Мадомики, муайян маҳсулотнинг эгаси аниқ эмас экан, унга турли йўллар билан “эгалик” қилишга уринилади – коррупция учун тайёр озуқа ва майдон.

Бозор тамойилларининг нимаси яхши деган саволга ўзи шу жавоб бўлади – нарсаларнинг эгаси аниқ, ва шу сабаб ўша нарсаларнинг тасарруфи самарали. Бошқача қилиб айтганда, эгалик нарса – самарали нарса, эгасиз нарса – самарасиз.

Бизда эса ҳануз деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотга эга эмас, шу учун унинг маҳсулотга кўз олайтиришади, оқибатда – коррупция, қонунбузарликлар.

Катта ва кичих “хонлар”

Фермерлар “боғлаб қўйилган” қишлоқ хўжалиги кластерлари давлат идоралари билан ноқонуний чирмашиб кетган. Ва бу ерда ҳам ҳайратланарли ҳеч нарса йўқ – “дастурхонда” фермернинг эгасиз маҳсулоти – коррупционерлар учун мўмай “даромад”. Шу учун ҳам бу вазиятда коррупцион “армия” аксар кластерлар билан “битим” тузиб олган, битимга рози бўлмаган кластерлар фаолиятига эса турли йўллар билан тўсқинлик қилишмоқда, ҳатто бундай кластерларни тўлиқ бартараф этишмоқда – маъмурий имкониятлар коррупционерлар қўлида.

Бизга келаётган маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалигидан емланаётган коррупцион “армия”нинг тепасида юқори лавозимдаги раҳбарлар ўтирибди ва улар мамлакат бўйлаб катта-ю кичик “хонлар” – қонунларни писанд қилмайдиган “субъектлар”нинг юзага келишига сабабчи бўлмоқда (бунинг тафсилотларини кейинги мақолаларимизда ёритамиз).

Энди ўйлаб кўринг, агар фермер ўз маҳсулотининг эгаси бўлганда, уни ўзи биржада сотганда, мазкур коррупцион майдон мавжуд бўлармиди?..

Яна бозор тамойиллари ҳақида

70 йиллик манфий тажрибани ҳисобга олмасдан, яна ўша муваффақиятсиз, инсон табиатига зид, тарих ва илм “брак”ка чиқарган, деярли ҳамма воз кечган шаклларни ушлаб туришимиз фақат ўзимизга зарар – тубсиз муаммолар ичра қолишимизнигина “таъминлайди”.

Йўл қўйилган хатолар сабаб, шунча йилни йўқотганимиз етмагандек, мислсиз имконият заволга учрагани, миллионлаб умрлар исроф бўлгани етмаганидек, яна шу йўлда давом этяпмиз.

Бозор иқтисодиёти қонуниятлари дунёни олдинга етаклаяпти. Ким уларга амал қилаётган бўлса, мулк-у манбаларни эгасига топширган бўлса ва қаерда ҳуқуқлар қатъий таъминланган бўлса, шуларнинг иши юришяпти.

Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектлари юқоридан буйруққа биноан тузилмайди, балки соғлом ҳуқуқий, иқтисодий майдон ҳосил қиланади ва ўша майдон эволюцион тарзда тўлади, бозор механизми ва қонуниятлари кучи билан.

Биздаги қишлоқ хўжалиги кластерлари эса қандай тузилганини биламиз, улар оғзаки ваъдалар – монопол статус, маъмурий идораларнинг “қўллови” ва ҳоказо, ва ҳоказо ваъдаларга суяниб очилган корхоналар, носоғлом муҳитда ишлашга рози бўлган ва аксар айнан шунақа носоғлом муҳитда “балиқ овлаш” учун келган корчаллонлардир.

Шокир Шарипов


Манба: Kun.uz

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.