Жамшид Қўчқоров 5 йилдан кейинги Ўзбекистон қанақа бўлиши ҳақида

Улашиш:

Самарқандда икки кун давом этган II Ўзбекистон иқтисодий форуми ўз ишини якунлади. 

Форумнинг якуний сессиясида хориждан таклиф этилган модератор Раян Чилкот бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга қуйидагича савол берди:

Тасаввур қилайлик, мен потенциал инвесторман. Иккинчи марта Ўзбекистон иқтисодий форумига келдим ва ҳаммаси ажойиб ўтди, айниқса палов жуда зўр бўлибди. Лекин мен Ўзбекистонга инвестиция киритишим керакми-йўқми деган масалада ҳали ҳам бир қарорга кела олмаяпман. Сиз ҳозир Ўзбекистонга сармоя киритишнинг айни вақти эканига бу инвесторни ишонтириш учун, кейинги 5 йилда мамлакатда нималар бўлиши ҳақида нима деган бўлардингиз?”.

Жамшид Қўчқоров саволга жавоб беришга шошилмай, бироз ўйлаб турган маҳал модератор ҳазиломуз қўшимча қилди: “Қийин саволлар бераётган бўлсам, бу форумда охирги марта қатнашишим бўлса керак”.

Раян Чилкот / Фото: Ўзбекистон иқтисодий форуми​
Залда кулги кўтарилгач, Қўчқоров сўз олди ва нутқининг орасида модераторнинг ҳазилига ҳам ҳазил билан жавоб қайтариб ўтди.

Саволингизга жавоб бераман, лекин илтимос ёдингизда тутинг, айтадиганларимни ваъда деб қабул қилманг. Аввало, умид қиламизки, Ўзбекистон анча яшилроқ бўлади – ўша вақтга бориб биз ҳамма эски электр станцияларини янгилаган бўламиз.

Иккинчидан, давлатга қарашли фақат битта банк бўлади. Эҳтимол унинг ҳам муайян миқдордаги акциялари муомалада бўлар. Қолаверса... Биласизми, Райан, кейинги сафар сизни таклиф қилмаймиз...
” – деди вазир. Унинг бу ҳазили ҳам залда кулги ва қарсак билан қарши олинди.


Фото: Ўзбекистон иқтисодий форуми
Сиз осон савол берганингиз учун зерикиб қолдим”, – дея қўшимча қилди Жамшид Қўчқоров.

Биринчи саволимда, эсингизда бўлса, кейинги йил қандай ўзгаришлар бўлишига кафолат бера оласиз, деб сўрагандим. Бунга жавобни олдик: мен кейинги форумда бўлмас эканман”, – дея кулги билан таъкидлади модератор.

Шундан кейин бош вазир ўринбосари 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиянинг иқтисодий мақсадларига тўхталди.

Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидан кўп нарсалар ўрин олган. У деярли ҳамма йўналишларни қамраб олган. Ҳар бир йўналиш бўйича муайян мақсадлар қўйилган. Биз – иқтисодчилармиз, шундай экан, биринчи эътибор қаратадиганимиз – ЯИМ. [5 йил ичида] ЯИМни 100 миллиард долларга етказиш мақсадидамиз ва бу амалга ошади деган умиддамиз.

Шунингдек, камбағал инсонлар сони 2 баробарга камаяди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 2800 доллар бўлади. Бу ерда ўтирган ҳамма бу нимани англатишини яхши тушунади: гап шунчаки 100 миллиард долларнинг чиройли рақам эканлигида эмас.

Биласизми, бу йил жон бошига ЯИМ 2 минг доллардан ошишига умид қиляпмиз. Бу – халқимизнинг узоқ йиллик қаттиқ меҳнатлари самараси. Ўйлайманки, буни 2800 долларга чиқариш яхши натижа бўлади. Шундан кейинги мўлжалимиз – 4 минг доллар
”, – деди Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий комплекси раҳбари.


Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда мазкур форумда қатнашаётган халқаро экспертлар ҳам жалб этилган, уларнинг тавсиялари ва ҳисоботлари инобатга олинган. “Шундай экан, бу – бизнинг биргаликдаги стратегиямиз, деган бўлардим. Биз шу йўналишда ҳаракат қиламиз”, – дея жавобини якунлади у.

Фото: Ўзбекистон иқтисодий форуми
Эслатиб ўтамиз, стратегияда белгиланган мақсадга кўра, 2026 йил охиригача Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига ЯИМни 1,6 бараварга ошириш, 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткични 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш учун замин яратиш” кўзда тутилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.