Фаҳшнинг жазоси...

Улашиш:

Ижтимоий тармоқлар кенг ахборот майдони, ёлғон рост билан оқ қора билан аралашиб кетган. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бухоролик бир аёл 20 эркакка ОИТС юқтиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарлар оқимига назар солсак, ҳамма ўша аёлни қасддан бу ишни қилганликда айбламоқда.

Хўш бу аёл киши унинг жиноятини, ахлоқини, касалини ҳеч қайси йўл билан оқлаб бўлмайди. Лекин йигирма (ҳали аниқлангани) эркак ҳам фаҳш йўл билан юқтирган. Бунинг жазосини ювиб бўлмас қилиб олибди ҳам. Нега улар айбланмайди? Аслида фаҳш эркак бўлмаса аёл фоҳишалик қилмайди. Бу билан мен эркакларни ёмон, аёлни яхши демоқчи эмасман. Аллоҳ ҳар бир ишни кўриб турибди. Жазоси қийин бўпти. Аслида ҳар бирига раҳмим келди. Илмсизлик, нафс, жаҳолат мана шу ишларга олиб боради. Қалбида имони бор одам фаҳш ботқоғига ўзини ташламайди.

Бундан бир неча йил олдин “Саодат” журналида ишлаганимда Республика ОИТС маркази пресс-конференция қилган. Ёшлар никоҳланишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш масаласи энди кун тартибига чиққан вақтлар эди, чамамда. Шунда марказ раҳбарларидан бири “Ҳамма ўз иши билан банд. Бир йилда бир бор тиббий кўрикдан ўтиш малол келади. Қачонки бирор оғриқ бўлса касалхонага мурожаат қилади. Ўзида қандай касалликлар бор, қаерида нима касаллик ривожланиш арафасида билмайди. Бизнинг марказимизга никоҳдан ўтиш олдида ўзидаги касаллик аниқланиб мурожаат қиладиганлар бор. Кўпчилик инфекцияни тиш олдириш ёки даволатиш, татуаж, инга билан даволаниш жараёнида юқтириши мумкин. Шунинг учун исталган одам таҳлилга қон топшириб, текширтириб туриши мумкин”, деди.

Илгари яшаган жойимизда ён қўшнимнинг қизини унаштиришди. Бирдан тўй бўлмасмиш, деган гап чиқди. Сабаби куёв бола тўйдан олдин тиббий кўрикка борса, ОИТС аниқланибди. Балки ўзи олдин буни билмагандир. Балки бирор муолажа пайти юққандир, буниси қоронғу. Аммо тўй қайтарилди.

Йигирма эркак, оила бошлиғи, йигирма аёлнинг суянган тоғи жуда махфий иш қилдик, ҳеч ким сезмади, деб ўйлагандир. Аммо Аллоҳдан яширолмаган сири бугун республикага ёйилди. Мен уларни маломат қилмоқчи эмасман. Ҳамонам тавба қилишга фурсат бор. Яхшиям Аллоҳнинг карами кенг. Ошкор ва яширин, билиб ёки билмай бундай гуноҳ ишга қўл ураётганларга сабоқ, ибрат бўлсин. Ҳеч кимнинг қонига иллат ўрмаламасин.

Манзура Шамс


Манба: Azon.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.