Ўқувчи «қармоғига» илинган устоз, ХТБ ва бошқалар (видео)

Улашиш:

Бир бало авлод етишиб келяпти. Тўғри, ҳаммасини коммуникация ё электроникага боғлаш, уларни айбдор қилиш осон. Телефонлар йўқ пайти ундоқ эди, бундоқ эди, дейиш қийин эмас. Аслида эса муаммо бошқа жойда.

Қаранг, кеча бир тиктокчи ўқувчининг «шантажи»дан 5 киши ишдан кетгани айтилди. Лекини шундаки, кадрлар, айниқса, ўқитувчилар тақчил бўлган ҳудудларда осонгина бўшатиб юборишни қандай изоҳлаш мумкин?

Хўш, нима қилиш керак эди? 27 апрелда бўлган воқеа 15 майда оммага ошкор бўлди. Шу пайтгача Бандихон ХТБ ё мактаб маъмурияти бу нарсадан бехабармиди? Жуда яхши билишган. Шунчаки видеонинг тарқалиб, жамоатчилик эътибори ва эътирозига тушгани уларга қаттиқ таъсир қилган кўринади.

Видео қандай қилиб ва нима мақсадда тарқатилди, деб ўйлайсиз? Кеча «Ёшлар» телеканали суриштирувида видеокамерани яширинча жойлаштирган ўқувчи бола интервью берди. Қандай ўрнатгани, нега бу ишни қилганини айтди. Улар синф раҳбари болани уришини олдиндан билган ва буни тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлашни режалаштирган.

Энди ўйлаб кўринг, нега улар аввалдан билган? Чунки бу ўқувчилар доим шу ишни қилиб юрган ва ўқитувчидан дакки ва калтаклар еган. Ахир синф раҳбари олдин ҳам тарқалган видео учун уларни уришган-ку. Видеони нега тарқатдинглар, деган видеоси ҳам, мана, яна тарқалиб турибди.

Ўқувчиларнинг доим шу ишни қилиб юргани бўйича эса бошқа ўқитувчиларнинг гапи билан хаспўшлаш мумкин. Аммо уларнинг тиктокчи эканини аниқлаш қийин эмас. Кўча жангларида бир-бирини ураётган, тепаётган бу ўсмирлар тиктокка шу саҳналарни жойлаб, обуначи ё лайк орттирган. Дарсда яхши ўқимаслигини эса ўша жабрдийданинг онаси ҳам тасдиқлаган.

Хўш, энди савол: бу болалар ҳозирдан шантажни ўрганса, бир-бирини ё устозларини «сотиш»ни ўрганса, эртага ким бўлади? Ватанини сотмаслигига кафолат борми? Мактабда ўқимаса, куни ва ўй-хаёли тиктокни гуллатиш билан ўтса, булардан яна нима кутиш мумкин?

Уларнинг устакорлигини қарангки, синфхонага камерани яширинча ўрнатган. Бу «қармоқ»қа мактаб маъмурияти, туман ХТБ ҳам тушган. Дарров ишдан бўшатилган. Болани урмасин, сўкмасин, биз ҳам шунинг тарафдоримиз. Лекин қарс икки қўлдан чиқади-ку. Ўқитувчи урмаслиги учун ўқувчи ҳам тарбияли ва аълочи бўлиши керакмасми? Тарбияни эса ота-она беради.

Тарбиясиз ва билимсиз экан, илм олишни истамас экан, келажагини тиктокда кўраётган экан... Биламиз, устозлар талабчан бўлади ва ўз ўқувчисини шу талабига яраша билимли қилишни хоҳлайди. Доимий дарс қилмагандан кейин шунча меҳнатига ачинади, алами келиши табиий, шунда ўзини тутиб туролмаслиги мумкин. Ахир ўқувчи ёмон бўлсин, демайди-ку.

Парадокс шундан иборатки, Андижонда ўқитувчиларни бебурд қилганлар битта узр билан қутулиб қолиши керакми? Оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган қанча ҳокиму ўринбосарлар ҳам кечирим сўраб қўя қолишган. Халқ таълими вазирлиги шундай зўр экан, биттада бўшатиб ташларкан, унда бу ишини ҳаммага бирдек қилсин-да. Ё ҳамма узр билан қутулиб қолсин, ё барча ишдан ҳайдалсин!

Бу ерда аслида бошқача ечим ҳам бор: масалан, ўша калтакланиш ортидан махсус гуруҳ тузилиб, ўрганиш олиб бориб (ўрганиб чиқишди-ку ахир), ота-оналар ва ўқитувчилар билан гаплашишса бўларди. Отага ўғлининг бебошлигини айтса, тушунар, одам-ку уям, эркак-ку!

Хуллас, устозларни ишдан ҳайдаш, уларни жазолайвериш билан муаммони ҳал қила олмаймиз. Эътиборни тарбияга қаратиш керак. Шерзод Шерматов Халқ таълими вазири бўлганда айнан шу нарсани йўлга қўйганди. Фарзанди қилмиши учун ота-онасини чақириб, уларга асл ҳолатни етказиш амалиётини жорий қилганди. Ҳозир бу борми ё йўқ, билмайман.

Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш давлат раҳбари даражасида турган экан, бошқа мутасаддилар бу сиёсатга қарши чиқмаслиги керак. Урган одам қилмишига яраша жазосини олсин, лекин болани ким тарбиялайди?

Энди ўқитувчилар бизни қандай урганларини айтсак, ҳозирги ёшларга чўпчакка ўхшайди. Ўқимаганимиз ё безорилигимиз учун калтак ердик. Отамизга айтиб борсак, камига қўшимча қилиб берарди: «казёллик» қилганимиз, яхши ўқимаганимиз, ёмон хулқли бўлганимиз учун. Чунки ўқитувчи бекорга жазоламаслигини жуда яхши билишарди.

Bobur Nabi

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.