«Туркий давлатлар ўртасида савдо осонлаштирилади» — Норов

Улашиш:

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдони осонлаштириш Стратегияси тасдиқланди, Соддалаштирилган божхона йўлагини шакллантириш тўғрисидаги Битим имзоланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида маълум қилди.

«Туркий дунёнинг иқтисодий мезони ҳамкорликнинг локомотиви ва халқларимиз фаровонлигининг асоси бўлиши лозим. Мамлакатларимизнинг етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари, банк ва молия институтлари ҳамда тадбиркорлари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, самарали минтақавий ҳамкорликни қуриш зарур.

Олдимизда минтақалараро савдо соҳасида жиддий ишларни амалга ошириш вазифаси турибди», — деди Владимир Норов.

Қайд этилишича, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми Ташкилотга аъзо давлатларнинг 970 миллиард доллардан ортиқ умумий товар айланмаси ҳажмининг 3 фоизидан камроғини (21 миллиард долл.) ташкил этади.

«Бу кўрсаткични бир неча баробар оширишни ҳаммамиз хоҳлаймиз. Ишончим комилки, биз биргаликда бу мақсадга эришамиз», — таъкидлади вазир.

Норовнинг қўшимча қилишича, Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида транспорт ҳамкорлиги соҳасидаги жуда муҳим ҳужжатлар – юкларни халқаро аралаш ташиш тўғрисидаги Битим ва транспорт соҳасидаги боғлиқлик Дастури имзоланади.

«Бош мақсад – бизнинг қуруқлик ва денгиз портларимизни жаҳон бозорлари билан мустаҳкам боғлайдиган ягона транспорт маконини шакллантиришдан иборатдир.

Биргаликда Транскаспий «Ўрта йўлаги»ни келажакда Ташкилот давлатларининг ягона транспорт тизимига интеграциялашуви учун платформага айлантиришимиз мумкин.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон, Термиз – Мозори-Шариф – Кобул –Пешовар йўналишлари бўйлаб темир йўлларнинг барпо этилиши ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши умумий туркий транспорт маконининг жозибадорлигини кучайтиради» — деди  Владимир Норов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.