2024 йил 30 декабрда қабул қилинган президент қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланишга қарши қатъий чоралар жорий этилди. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни интизомлиликка ундаш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Асосий чора-тадбирлар:
Ер солиғини ошириш
- Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштирилмаган ҳолларда, ер солиғи уч бараварга оширилади.
Давлат кўмаги чекланади
- Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маблағ ажратиш талабларни бажармаслик ҳолатида тўхтатилади.
Ижарачилар учун жарима
- Дала четларини иккиламчи ижарага олган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача жарима солинади.
Мажбуриятлар учун муддат
2025 йил 1 апрелга қадар фермерлар дала ерларида экин экиш ёки маҳсулот етиштириш ишларини бошлаши шарт. Форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно.
Қўшимча ташаббуслар
Шунингдек, қарорга кўра, мамлакатда кўп қаватли уйлар атрофида ва маҳаллаларнинг ички ҳудудларида полиз экинларини етиштириш лойиҳаси бошланади. Бу маҳаллий аҳолини уй ёни ҳудудларидан самарали фойдаланишга жалб этишга қаратилган.
Янги чоралар ердан оқилона ва самарали фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.