Бухоро чўлида ер ости “тилла йўли” қурган 28 киши ушланди

Улашиш:

Бухоро чўлида олтин кукуни сақланувчи қумни ноқонуний равишда қазиб олиб, яширин цехларда қайта ишлаш билан шуғулланган 28 нафар шахс қўлга олинди. Улар чўлда ер ости йўли қурган ва “ерости йўли” орқали бойлик орттиришга уринган. Ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тезкор тадбир давомида Бухоро вилояти ИИБ, жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимлари томонидан Шофиркон туманидаги Чоруқчўл массивида яширин шахталар аниқланди. Ер остидаги йўл минглаб тилла заррали қум тўла қоплардан барпо этилган бўлиб, “тўғридан-тўғри тилла манзили”га олиб бориши аниқланди.

Жиноий гуруҳ икки раҳбардан иборат бўлиб, улар чўлдаги олис ва қийин етиб бориладиган ҳудудда қазиш ишларига ишчиларни ёллашган. Уларни ҳимоя қилиш учун махсус “қўриқчилар” жалб этилган.

Аниқланишича, улар Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига тегишли бўлган тилла кукуни бор қумларни айланма йўллар орқали ташиб, яширин тарзда қайта ишлаш билан шуғулланиб келишган. Цехларда қумдан тилла заррачалари ажратиб олиниб, қуйма олтин шаклида тайёр маҳсулот сифатида сотилган.


Ҳодиса юзасидан жуда кўп ашёвий далиллар ҳужжатлаштирилган. Ҳозирда экспертизалар тайинланиб, иш юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш жараёни бошланган.

Маълумот ўрнида: Бир неча йил олдин Навоий вилоятида тилла кукунли қумларни талашиб икки қишлоқ одамлари ўртасида катта жанжал келиб чиққан ва 28 кишига нисбатан иш очилган эди.

Худди шунингдек, айни кунларда худди шундай жиноятга алоқадор яна бир бошқа ҳолат Бухоро вилояти судида кўриб чиқилмоқда. Унга кўра, шофирконлик 33 нафар фуқаро ҳам шундай қумларни айланма йўллар орқали ташиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириб келишаётгани фош этилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.