Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёш тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган учта муҳим ҳужжатни имзолади. Бу ҳужжатлар доирасида стартапларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларини тугатган ёшларни иш билан таъминлаш ва банк тизимида ёшларга мўлжалланган молиявий хизматларни йўлга қўйишга жами 400 миллион доллар ажратилади.
Ёш тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси
Биринчи ташаббус доирасида Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёш тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Бу жамғармага 100 миллион доллар ажратилган бўлиб, ёш тадбиркорлар 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар олиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, стартапларга 2 миллиард сўмгача сармоя киритиш режалаштирилган.
Иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка рағбат
Олий таълим муассасаларини тугатган ёшларни иш билан таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар ёшларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилади. Миллий банк ҳамда Олий таълим вазирлиги ушбу мақсад учун махсус банк хизматлари пакетини ишлаб чиқади.
Ёшлар банки ва молиявий ёрдам
Учинчи ташаббусга кўра, "Алоқабанк" ёшлар банкига айлантирилади. Банк ёшлар бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 7 йилга 100 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратади. Бу мақсадлар учун 200 миллион доллар йўналтирилади.
Кичик бизнес очган, ўқув маркази ташкил қилган ёки камида 20 нафар ёшни иш билан таъминлаган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, ажратиладиган банк кредитларининг 30 фоизи аёллар тадбиркорлигига йўналтирилади.
Бизнес инкубаторлар ва стартаплар учун сармоя
Минтақаларда ёшлар бизнес инкубаторлари ташкил этилади. Уларда стартаплар ривожлантирилиб, мукаммал бизнес шаклига етказилади. Шу билан бирга, Aloqa Venture Fund орқали стартапларга 50 мингдан 1 миллион долларгача сармоя киритилади.
Ушбу ташаббуслар ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, иш билан таъминлаш ва иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишга қаратилган.