Тошкентда 6 ёшли қизчага тегажоғлик қилган эркак 10 йилга қамалди

Улашиш:

Тошкентда 47 ёшли эркак жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш айби билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У ўтган йилнинг ёзида 6 яшар қизалоққа тегажоғлик қилганликда гумонланиб қўлга олинганди.

Тошкентда 6 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилган 47 ёшли эркакка нисбатан 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси воқеа 2022 йилнинг ёзида юз берганини маълум қилганди. Жабрланувчининг онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва эркак 24 соат ичида кузатув камералари орқали топилган. Nemolchi.uz маълумотига кўра, психологик экспертиза қизчада «жинсий зўравонликдан кейинги аломатларга ўхшаш стресс» мавжудлигини аниқлаган.

Ноябрда пойтахт судлари матбуот хизмати Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида 6 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилишда айбланаётган Р.Ш.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, 2022 йилнинг 22 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди Р.Ш. (1975 й.т.) ни Жиноят Кодексининг 25- ва 119-моддалари (Жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят содир этганликда айбдор деб топган.

«Судланувчи Жиноят кодексининг 25-моддаси 4-қисми, 119-қисми асосида ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Жазони ўташ умумий тартибли колонияларда белгиланди», — дейилади Олий суд ахборотида.

Қайд этилишича, биринчи инстанция судининг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда апелляция ва протест келтирилиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.