Янги қонун лойиҳаси муҳокама жараёнида

Улашиш:

Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасига кўра,

 

1. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига:

- “Таъқиб этиш” (stalking) тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланмоқда; 

- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан 1 йил муддатгача берилиши;

- ҳимоя ордери билан белгиланадиган қўшимча чекловлар турлари (жабрланувчи яшайдиган турар-жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойи ёки бошқа жойларга яқинлашишни муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш) киритилмоқда;

 

2. Оила кодексида хорижий давлатга кетаётган ота-она зиммасига ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриш мажбурияти юклатилмоқда.

 

3. “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр қимматига, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа, Ўзбекистон Республикасига, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлашлари тақиқланмоқда;

 

4.Давлат божи тўғрисида”ги Қонунда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилиниши белгиланмоқда.

 

5. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

а) “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола” тушунчаси халқаро стандартларга мослаштирилмоқда (3-модда);

б) “зўравонлик”, “жинсий зўравонлик”, “жисмоний зўравонлик”,  “руҳий зўравонлик”, “ғамхўрлик кўрсатмаслик” ҳамда “васийлик ва ҳомийлик органи” каби янги тушунчалар киритилмоқда;

6) Жиноят кодексида:

а) ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан:

– жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмайди;

– тамом бўлмаган жиноятлар учун жазо тайинлашда енгиллик берилмайди;

б) қуйидаги жиноятлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда:

– аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда);

– номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар);

– шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда);

– 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда);

16 ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда);

в) шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик (интим ҳаёт дахлсизлигини бузиш) учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда (1413-модда);

 

7) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда:

а) вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни (47ва 475-моддалар) содир этган шахсларга нисбатан “ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш” тарзидаги янги жазо тури жорий этилмоқда (23 ва 281-моддалар);

б) алимент бўйича мажбуриятларга эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги белгиланмоқда (291-модда);

в) қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда:

– жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар қилиш (411-модда);

– ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда ёхуд ўзларининг ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятни бажармаслик (477-модда).

 

Ўткиржон  Джумаев 

Жиззах вилоят судининг раиси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.