Атом электр станцияси қуришимиз шарт!

Улашиш:

Аномал совуқ шароитида Ўзбекистонда коммунал хизматлар ишида рўй берган инқироздан сўнг энергетика соҳасини такомиллаштириш, энергия олишнинг муқобил манбаларини топиш ва қўллаш яна мунозаралар мавзусига айланди.

23 январ куни AzonTV да физик олимлар билан ўтказилган суҳбатда, жумладан, ядро қувватига ҳам тўхталиб ўтилди.

Дарҳақиқат, атом энергияси анча арзон тушадиган қувват олиш йўлларидан бири ҳисобланади. Эътибор берадиган бўлсак, кўпчилик ривожланган давлатларда электр қуввати мўл-кўл бўлади. Электр энергияси тақчил бўлган давлатларда иқтисодий ривожланиш ҳам ўзига яраша бўлади. Ва шу давлатларда атом энергетикаси ҳам ривожланган, албатта.

Эргаш Турсуновнинг айтишича, ҳозир дунёда 31 та давлатда 443 та атом реакторлари ишлаб турибди. Уларнинг 100 га яқини АҚШда жойлашган. 56 таси Францияда, 40-45 таси Россияда, 50 га яқини Хитойда жойлашган. Ҳатто Бангладешда ҳам 2 та АЭС бор. Яъни, ривожданаётган давлатда ҳам атом қувватидан фойдаланишмоқда.

- Альтернатив энергетика керак, лекин атом қувватидан бошқа яхшироқ йўл йўқ, - дейди мутахассис. – Агар АЭС қурадиган бўлсак, унинг хавфсизлиги масаласи бутун дунё учун аҳамиятли нарса. Аввало Атом энергияси бўйича халқаро агентлигининг 12 та тестидан ўтиш керак. Ўта олмаса ишлашга рухсат берилмайди. Шу жиҳатдан, АЭС қурилишидан қшрқмаслигмиз керак.

Бундан ташқари, атом реакторларининг ҳам ҳар хил технологиялари бор. Масалан эски, иккинчи авлод реакторлари ҳозир қурилмайди. Ҳозирда 3 плюс реакторлари замонавий ҳисобланади. Бизда қурилса ҳам хавфсизлик даражаси анча юқори бўлган 3 плюс реакторлари қурилади.

АЭСларнинг иқтисодий жиҳатлари ва уларнинг самарадорлигига тўхталадиган бўлсак, атом реакторларида олинган электр энергияси газ ёқиб олинган энергияга нархига тенг ёки арзонроқ ҳам бўлади. Келажакда бу нарх бирлиги янада арзоналашиб бораверади. Лекин бунинг учун Ўзбекистоннинг базавий энергетикаси атом энергиясига асосланган бўлиши шарт.

Чунки табиий газимиз ҳозир етмай қоляпти, кейинчалик тугайди ҳам. Шу жиҳатдан олганда, атом реакторлари биз учун жуда муҳим. Энергитикамиз сифатини ва самарасини оширишни истасак, АЭСлар қуришимиз шарт ва айни пайтда долзарб ҳисобланади, дейди Эргаш Турсунов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.