Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жинояти учун қўлланиладиган нормада жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу ҳақда адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева хабар берди.

Қайд этилишича, лойиҳада номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар), шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда), 16 ёшга тўлмаганга нисбатан уясиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда) жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жазодан ташқари бошқа жавобгарлик ва таъсир чоралари ҳам кучайтирилади.

Хусусан, уларга нисбатан:

  • жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги;
  • тамом бўлмаган жиноятлар учун жазо тайинлашда енгиллик берилмаслиги назарда тутилган.

Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилиши таклиф этилган янги нормага кўра, юқоридаги жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлашлари тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 31 январь куни зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в, з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.