Ўзбекистонда электр, газ ва иситиш билан боғлиқ муаммолардан сўнг бензин билан боғлиқ муаммолар бошланди. Яна қандай танқисликни кутиш керак?

Улашиш:

Ўзбекистон энергетика соҳаси вакиллари ўзларининг лаёқатсизликларини намойиш этишни давом қилишмоқда. Бу йил ўзбекистонликлар танқисликнинг барча турларини бошидан кечиришди: кўп соатлик электр узилишлари, газ ва иситиш билан боғлиқ муаммолар шулар жамласидандир. Энди навбат бензинга келди.

Энергетика вазирлиги амалдорлари 20 кундан ортиқ газ қуйиш шохобчаларини ёпиш оқибатлари ҳақида ўйламаганга ўхшайди. Дарҳол оддий ёқилғи қуйиш шохобчаларида катта навбатлар юзага келди. Нафақат энг кўп талаб бўлган АИ-80 бензини, балки АИ-91 ва АИ-92 ҳам йўқ бўлди. Кейинчалик яна қандай танқисликни кутишимиз керак? Келгуси ёзда аномал иссиқ бўлса, энергетиклар нима била "хурсанд қилишаркин"?

Кеча "Ўзбекнефтгаз" мард бўлиб, ўз имкониятлари ҳисобидан бензин танқислигини бартараф эта олмаслигини тан олди. Компания "бугунги кунда юзага келган талабни тўлиқ таъминлаш имконияти ишлаб чиқариш қуввати билан чекланганлигини" таъкидлади.

Айни кунларда биргина АИ-80 бензинига бўлган талаб кунига 8 минг тоннага етди. Шу билан бирга, иккита маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи ҳар куни ўртача 4,6 минг тонна "миллий ғурур"ишлаб чиқаради. Натижада ҳар куни 3,4 минг тонна танқислик мавжуд.

Бу ҳолда ягона йўл - чет эл бензинини импорт қилишдир. Ҳукумат Россия компанияларидан 50 минг тонна АИ-80 бензинини сотиб олишга келишиб олган. Яқин келажакда ёқилғи Ўзбекистонга келиши керак. Бундан ташқари, январь ойида хорижий компаниялардан 8,4 минг тонна юқори октанли автобензин, хусусан 5,6 минг тонна АИ-92, 2,5 минг тонна АИ-95 ва 300 тонна АИ-98 сотиб олинган.

Бу ерда   битта савол туғилади: нега етказиб беришлар олдиндан ташкил қилинмаган? Ҳар сафар бир хил хатоларга йўл қўйиш керакми? Ёки бизда қиш ва совуқ бутун дунёда бўлгани каби эмас, балки амалдорлар учун кутилмаганда келадими?

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.