Андроидлар тарихидаги энг кучли смартфон аниқланди

Андроидлар тарихидаги энг кучли смартфон аниқланди

1 феврал куни тақдим этилган Galaxy S23 Ultra флагмани Geekbench 5 бир оқимли тестида 1600 дан кўп балл тўплаган тарихдаги илк андроид смартфонга айланди.

Бу шу пайтгача чиқарилган ҳеч қайси андроид-смартфон Samsung компаниясининг флагманига ишлаб чиқарувчанлик борасида тенглаша олмаслигини англатади.

Golden Reviewer ютуб-канали муаллифи буни синаб-солиштириб кўрди. Galaxy S23 Ultra нуфузли бенчмаркнинг бир оқимли тестида 1604 балл, кўп оқимли тестида 5311 балл йиғди. Энг яқин таъқибчиси — Nubia Red Magic 8 Pro тегишли равишда 1486 ва 5211 балл тўплади.

Ҳар икки смартфонда бир хил — Qualcomm Snapdragon 8 Gen 2 процессорлари ўрнатилган. Бироқ Galaxy S23 Ultra биринчи ўринни эгаллади, сабаби, ундаги процессор янада такомиллаштирилиб, частотаси 3,36 ГГц.гача оширилган, деб тушунтирди ютубер.

1 феврал куни Samsung Сан-Францискодаги тақдимотда уч модел: Galaxy S23, Galaxy S23+ ва Galaxy S23 Ultra смартфонларини таништирганди. Бу смартфонлар Snapdragon 8 Gen 2 платформасида ишлайди, оператив хотираси — 8 ГБ.