Блогер Абдуқодир Мўминов тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани бўйича хабарлар изоҳланди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Жиноят кодексининг икки моддасидаги жиноятларни содир этганликда гумонланиб, бир неча ҳафта аввал ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Абдуқодир Мўминовнинг вафоти ҳақидаги хабарлар фейк.

«Мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. А.Мўминов тирик ва соғлом», — дейди у.

Таъкидлаш жоизки, Мўминов шу йилнинг 8 феврал куни фуқаро Э.З. ариза билан қўлга олинганди. Тошкент шаҳар ИИББ изоҳига кўра, А.Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10.000 (ўн минг) АҚШ долларини сўраб, шундан 3.800 (уч минг) АҚШ долларини олдиндан олган.

Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида А.Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг «Кўзгу» номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70.000 АҚШ доллари сўраган.

Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида А.Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик»), 165-моддаси («Товламачилик») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Блогер процессуал тартибда ушланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.