Журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов товламачилик ва фирибгарликда айбланмоқда

Улашиш:

YouTube видео платформасидаги “Кўзгу” саҳифаси муаллифи, журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.

Қайд этилишича, шаҳар ИИBBга фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Мурожаат асосида ўтказилган текширув жараёнида қуйидагилар аниқланган:

Абдуқодир Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Й.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кирган. Ўзининг хизматлари учун жами 10 000 долларни сўраб, шундан 3 800 долларни олдиндан олган. Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтган. А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, ундан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70 000 доллар сўраган. 

Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида Абдуқодир Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Хатлар юзасидан Абдуқодир Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИBB Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 165-моддаси (товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда у процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.