ChatGPT чатботи бор-йўғи бир неча ойдан бери мавжуд, бироқ у аллақачон технология ҳамжамиятида жуда кўп шовқин яратишга муваффақ бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ChatGPT ва шунга ўхшаш сунъий интеллект ишланмалари баъзи касбларга таҳдид солиши мумкин.
Business Insider портали мутахассислари нейротармоқларнинг ривожланиши туфайли тўлиқ ёки қисман йўқолиб кетиши мумкин бўлган 10 та касбни санаб ўтишди.
Улар қуйидагилар:
- техник вакансиялар (кодерлар, дастурчилар, дастурий таъминот муҳандислари, маълумотлар таҳлилчилари);
- оммавий ахборот воситаларидаги иш ўринлари (бош директор, муҳаррирлар, журналистлар);
- юридик соҳадаги иш ўринлари (параюрист, юрист ёрдамчиси);
- маркетологлар;
- ўқитувчилар;
- молиявий иш ўринлари (молиявий таҳлилчилар, шахсий молиявий маслаҳатчилар);
- трейдерлар,
- график дизайнерлар;
- бухгалтерлар,
- қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари.
2013 йилда Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқотга кўра, кейинги 20 йил ичида AI (сунъий интеллект) туфайли Америкадаги иш ўринларининг 47 фоизи қисқартирилиши мумкинлиги айтилган эди. Аммо Goldman Sachs тадқиқоти шуни кўрсатдики, генератив сунъий интеллект дунё бўйлаб 300 миллион ходимни турли даражаларда алмаштириши мумкин, бу эса меҳнат бозорида «сезиларли узилишлар»га олиб келади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект соҳасидаги баъзи мутахассислар сунъий интеллект иш жараёнида ёрдам бериши мумкинлигига ишонишади, аммо хатолар ва камчиликларга йўл қўймаслик учун одам уни назорат қилиши лозимлигини айтишади.
ChatGPT - бу бир неча ой ичида юқори технологияли дунёда кўп шов-шувларга сабаб бўлган чатбот. У осон ва ишончли тарзда мураккаб саволларга жавоб бера олади, шунингдек, буйруқ бўйича наср, шеър ёки компьютер кодини ёза олади. У ҳатто ўсиш суръати бўйича TikTok ижтимоий тармоғини ҳам ортда қолдира олди.