Алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди

Улашиш:

Жамиятнинг энг оғриқли нуқтаси бўлмиш барбод бўлган оилалар ҳақида сўз борганда, албатта бегуноҳ фарзандларнинг тақдири кишини ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан ҳаммадан кўпроқ болалар азият чекади.
 Афсуски, сўнгги вақтларда оилавий келишмовчиликлар сабабли оилалар парокандаликка юз тутиб, ажримлар сони ортмоқда.
 Айрим оталар эса, фарзандлари олдидаги оталик бурчларини ҳам унутиб қўйишмоқда.
 Алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келаётган оталарнинг маъмурий жавобгарлик масаласи судлар томонидан ҳал қилинмоқда.
 Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича 
Жиззах туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Д.И.дан алиментдан бўлган қарзни ундириш Прокуратура бюросининг Ш.Рашидов туман бўлими иш юритувига келиб тушган. 

Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари судига юборилган.
 Суд жараёнида қарздор ўз айбига иқрор бўлиб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлай олмаганлигини, оилавий шароити оғирлиги сабабли, ҳозир ҳам алимент тўловларини тўлаб бера олмаслигини айтиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.
 Ундирувчи судда, фарзандларининг отаси алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслигини, фарзандларини бир ўзи жуда қийналиб, тарбиялаётганлигини, қарздордан алимент тўловларини тўлиқ ундириб бериб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
 Суд жараёнида қарздорнинг айби, унинг ўз айбига иқрорлик ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тушунтириш хатлари, маъмурий баённома ва ишда тўпланган бошқа ёзма далиллар билан ўз исботини топган.
 Суд қарорига асосан қарздор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
 Қарздор ота суд залида дарҳол қамоққа олиниб, жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилган.

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.