Ўзбекистон литий қазиб олишга тайёргарлик кўрмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон литий қазиб олиш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Геология вазирлиги мамлакатда бошқа «технологик металлар» деб аталувчи соҳани ривожлантиришни истиқболли йўналиш сифатида кўрмоқда.

Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев 26 апрель куни «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида мамлакат литий қазиб олишни йўлга қўйиш ниятида эканини таъкидлади.

«Ўзбекистонда йирик литий кони мавжуд, биз ушбу металлни мамлакатда қазиб олиш ва қайта ишлашни йўлга қўйишга тайёргарлик кўряпмиз», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, вазирлик бутун мамлакатда «технологик металлар» деб аталадиган соҳани ривожлантиришни истиқболли йўналиш деб ҳисоблайди.

Бундан салкам бир йил аввал Ўзбекистон президентига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қошида устав капитали 15 миллион доллар бўлган «Янги кон» лойиҳа офисини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тузилма литий, алюминий, магний, графит ва бошқа ноёб металларни қазиб олиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг инвестициявий таклифлар портфелига Тошкент вилоятидаги «Шовозсой» литий конини ўзлаштириш киради. Унинг захиралари 123 минг тоннадан ошади. Лойиҳанинг қиймати 59,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.