News time: 250 млрдга сотилаётган Тошкент, номи ўзгараётган маҳалла ва “самосуд”чи қизлар

Улашиш:


Тошкентни $250 млрдга сотиш бўйича эълон берган шахс мактаб ўқувчиси бўлиб чиқди

ИИВ Киберхавфсизлик маркази 8-синф ўқувчиси Тошкент шаҳрини онлайн сотув платформасида 250 млрд долларга сотиш ҳақида эълон жойлаштирганини аниқланди. Ўсмир буни ҳазил тариқасида қилганини билдирди.

Ўзбекистоннинг янги Конституцияси бўйича референдумда 611 мингдан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди

МСК 19−26 апрель кунлари бўлиб ўтган Конституция лойиҳаси бўйича референдумда муддатидан олдин овоз беришда 611 минг 320 нафар фуқаро иштирок этганини маълум қилди.

Самарқандда 14 ёшли боладан $4,5 минг олиб, эвазига PUBG профилини бермаган ўсмирга жиноят иши қўзғатилди

Каттақўрғон туманида яшовчи 16 ёшли бола PUBG профилини сотишини айтиб 14 ёшли боладан 4,5 минг доллар олган. Бироқ профилни унга бермай, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

«Менинг йўлим» лойиҳасидаги таклифларга овоз бериш бошланди

Open budget ахборот порталидаги «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида 10 мингтадан ортиқ ташаббусли таклифга овоз бериш жараёни бошланди, у 7 майгача давом этади.

Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш учун «Ўрта Осиё-Марказ» газ қувури кўриб чиқилмоқда

Россиядан Ўзбекистонга газни «Ўрта Осиё-Марказ» (CAC) газ қувури орқали етказиб бериш режалаштирилмоқда, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ етказиб бериш учун кўриб чиқилган бошқа — «Бухоро-Урал» газ қувури эскиргани сабабли мос келмайди.

Юнусободдаги маҳалла номини ажрашишлар кўпайгани учун ўзгартириш таклиф қилинди

Юнусободда салкам 30 йил «Шодлик» деб номланган маҳалла номи «тарихий аҳамият касб этиши учун» 2016 йили «Йўлайриқ» деб ўзгартирилган. Орадан етти йил ўтиб, маҳалла номини энди «Обиҳаёт» деб ўзгартиришмоқчи. Таъкидланишича, маҳалланинг ҳозирги номи ёш оилаларнинг тотувлигига халал бермоқда.

ДХХ Тошкентда наркотик модда савдоси билан шуғулланишда гумонланган шахсларни ушлади

Тошкент шаҳри ва вилоятида жами 2,6 кг «гашиш», 800 грамм «опий» ва бошқа психотроп дориларнинг савдосига чек қўйилди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши очилди.

Тошкентдан Будапештга тўғридан-тўғри рейслар 2023 йилнинг иккинчи яримидан йўлга қўйилади

Ўзбекистон ва Венгрия 2023 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўз пойтахтлари ўртасида авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Тошкентдаги инвестиция форумида расмий Будапешт Ўзбекистон билан дронларни ишлаб чиқариш бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

 

Ўзбекистонда IELTS имтиҳонида юқори натижа кўрсатган 10,3 мингдан ортиқ ёшларнинг тўлови қайтарилди

2021 йилдан буён 14 102 та юқори натижали хорижий тил сертификатларини қўлга киритган ёшларга имтиҳон учун қилган тўлови қайтариб берилди. Уларнинг 10 356 таси IELTS учун тўланган компенсациядир. Бунда талабгор 7 баллдан юқори натижа кўрсатиши талаб этилади.

Ўзбекистон 5 млн долларга таъмирлаб берган Қирғизистондаги театр очилди — фото

24 апрель куни Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биносининг очилиш маросими бўлди. Унда икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари қатнашди. Ўзбекистон таъмирлаш ишларига 5 млн доллар маблағ ажратганди. Театр директори Аъзам Абдураззоқовнинг маълум қилишича, қурилиш материаллари ҳам, жиҳозлар ҳам Ўзбекистондан олиб борилган. 

Табиат ресурслари вазирлиги 10 майга қадар ҳар жумани «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказишга чақирди

Табиат ресурслари вазирлиги 10 майга қадар давом этадиган «Тоза ҳаво» ойлиги доирасида вазирлик, корхона ва ҳокимликларнинг барча ходимларини ҳар жумани «Автомобилсиз кун» сифатида ўтказишга чақирди. «Бундан мақсад автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини янада камайтириш, шунингдек, инсонларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда велосипеддан фойдаланишларини ташкил этиш», — дейилади хабарда.

Тошкентда ўқувчи қизлар бошқа қизни гуруҳ бўлиб калтаклади

Шайхонтоҳур туманидаги мактабнинг 5 нафар ўқувчи қизи уй ертўласида бир қизни калтаклади. Ҳолатга изоҳ берган Тошкент шаҳри мактаб таълими бошқармаси ички ишлар ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бораётганини билдирди.

Аниқланишича, видеодаги воқеа 25 апрель куни тахминан соат 15:00 да туманнинг «Самарқанд дарвоза» МФЙ Учлола кўчасидаги уй ертўласида содир бўлган.

Шу тумандаги 82-сонли умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси С.С. дугоналари Ч., С., Т. ва Г. билан бирга шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси К.М.ни дўппослаган ва тасвирга олинган видеони ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.