Фаол тадбиркор, фаол мулоқот: Форишда давлат ва бизнес вакиллари учрашди

Улашиш:

Жиззах вилояти Фориш туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган муаммолар тингланди ва уларга амалдаги ечимлар таклиф этилди. Айрим масалаларни ҳал этиш маълум вақт талаб этилиши қайд этилган ҳолда, улар вилоят мутасаддилари томонидан шахсан назоратга олинди.

Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси раҳбари Баҳодир Исмоилов, Фориш тумани ҳокими ҳамда давлат идоралари раҳбарлари иштирок этди. Мулоқот доирасида солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари, шунингдек, фаол субъектлар учун жорий қилинган барқарорлик рейтинги ҳақида маълумотлар берилди.

Фориш туманида ҳозирги кунда 819 та юридик шахс, 315 та фермер хўжалиги ва 435 та якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш орқали уларнинг самарали фаолият юритишига туртки бериш мақсад қилинган.

Мулоқот доирасида “Helen Textiles” МЧЖ фаолияти билан танишув ҳам ташкил этилди. 2020 йилда ташкил этилган ушбу корхонада 100 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Корхона 2025 йил бошидан буён 178 миллиард сўмлик товар айланмаси ва 37 миллиард сўмлик экспорт ҳажмига эришган. Солиқ идораси раҳбарияти томонидан корхонага экспортни кенгайтириш ва меҳнат шартномаларини расмийлаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Жиззах вилояти солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.