Қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, тергов ҳибсхонасидан озод этилди

Улашиш:

2023 йил 3 май куни сайёр қабулда можароли ҳолат кузатилиб, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова шахсан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган аёл ва унинг қайнотасини раҳбарининг қабулига ўтказишни истамасликда ифодаланган ҳаракати ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 4 майдаги ажримига асосан, аёлнинг турмуш ўртоғи, ҳимоямизда бўлган Ҳусан Равшановни қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 1-сонли тергов ҳибсхонасидан озод этилди.

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов  2023 йил 3 февраль куни ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, 5 февраль куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди. 

Ҳозирда унга, гўёки Facebook'да бегона исм-шариф билан аккаунт очиб, адлия ходимларини коррупцияда айблаш орқали туҳмат қилганликда айблов илгари сурилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Яшнобод туман судининг судьяси жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқариш вақтида ЖПК 396-моддасига мувофиқ айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси нотўғри танланган, деган тўхтамга келиб эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида ажрим чиқарди.

Сўз эркинлигига оид ўзига хос қизиқ жиноят иши. Воқеалар ривожини кузатамиз...

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.