Оташин муҳаббат, машҳурлик ва қўрқинчли Альцгеймер

Улашиш:

«Мен ёзган шеърлар сизга бағишланганини фақат ҳозир англаб етдим. Рафиқам бўлинг», – деган эди ёш Габриэль Гарсиа Маркес Мерседес Барча Пардога. «Розиман. Фақат аввал мактабни тугатиб олишимга рухсат беринг», – дея жавоб берди қиз мутлақо жиддий оҳангда. Бу воқеа 1945 йили Колумбиянинг Сукра шаҳарчаси рақс майдончасида бўлиб ўтганди.

Ўн бир боланинг бири

Ҳа, ҳасос ижодкор Маркес бўлажак рафиқасини унинг болалигида яхши кўриб қолган. Шу боис, биринчи учрашувдаёқ айнан Мерседесга уйланишга қарор қилди. Улар биргаликда 55 йилдан кўпроқ ҳаёт кечиришди.

«Биз унаштирилмаган эдик, шунчаки тақдиримизга нима ёзилганини сабр ила ҳеч бир малолсиз кутдик, – деб хотирлади йиллар ўтиб Маркес. – Эртами, кечми бирга бўлишимизни билардик».

Габриэль Гарсиа Маркес дунёга ўз тасаввур оламидан келиб чиқиб қаради. Асарларининг ярми хаёлий тасаввури маҳсули. Маркес ўз интервьюларида турли тафсилотлар билан муайян битта ҳодиса ҳақида сўз юритган. Унга шуниси қизиқ эди. Аммо яна далиллар борки, уларни ҳақиқатга яқин деб ҳисоблаш мумкин. Масалан, Габриэль 1927 йилнинг 6 мартида Колумбиянинг Магдалена дарёси бўйидаги кичкина, эски Аракатака шаҳрида туғилган. Унинг отаси телеграфчи бўлиб, оиласини боқиш учун икки сменада ишлар, уйда кам бўларди.

Габриэль онасини яхши кўрар, бироқ волидасининг унга етарлича эътибор қаратиши учун вақти етмасди. Сабаби, Габриэлдан ташқари яна ўн нафар фарзанди бор эди.

Габони бобоси ва бувиси тарбиялашди. Унинг маънан етук бўлишига, асосан, шу инсонлар таъсир кўрсатдилар. Транкилина момо – XIX асрнинг мағрур, донишманд аёли бўлиб, кейинчалик Маркес романларида ўзига хос тарзда акс этди. Бува эса – полковник, 1899–1903 йиллардаги фуқаролик уруши иштирокчиси эди. У ҳам набирасининг деярли ҳар бир асарида жонланган.

Габриэль Сапакира шаҳарчасидаги интернатда таҳсил олди. У гарчанд ижод уммонига шўнғиб, ёза бошлаган бўлса-да, ҳуқуқшунослик касбини эгаллашга қарор қилди. Шу мақсадда 1946 йили Боготадаги университетга ўқишга кирди. Адабиётдан узоқлашмади. Унинг романтик шеърлари эътирофларга сазовор бўларди. 1947 йилда биринчи ҳикояси эълон қилинди. Маркес барибир ҳуқуқшунослик йўлидан кетди. Мерседесга уйланиши учун унга пуллар керак эди.

Оилага яқин бўлган айрим кишиларнинг айтишича, танишганларида қизнинг ёши ўн учда эмас, тўққизда бўлган. Худди «Танҳоликда юз йил» асаридаги жажжи Рамедиосни Аурелиано Буэндиа севиб қолгани каби! Шу боис, Маркес романларида балоғат ёшига етмаган қизларга нисбатан муҳаббат мавзуси пайдо бўла бошлади. Бу эса куракда турмайдиган тасодиф эди: қиз шунчаки кечикиб туғилган ва шунга кўра, куёвдан чандон кичик.

Қиз эмас, капалак!

Маркес Мерседесни мактаб йилларидаёқ тушида кўрганини вақти-вақти билан таъкидларди. У бу тушидан руҳланиб, саёҳатни ниҳоятда орзу қилган ва капалакка айланиб, уйидан кетиб қолган қиз ҳақида ҳикоя ёзди. Мерседеснинг дугонаси Маргарита Чека эса жажжи Барча деворга тирмашиб чиққани ва чанг-тўзонли кўчага қараб, ғамгин тарзда шундай деганини айтади: «О, мен дунё бўйлаб саёҳат қилишни, улкан шаҳарларда яшаш, меҳмонхонадан-меҳмонхонага ўтишни нақадар хоҳлардим!»

Мерседес умри мобайнида берган бор-йўғи иккита интервьюсида Маркес унинг болаликдаги орзусини рўёбга чиқаргани, яъни кўплаб марта саёҳатга чиқишганини таъкидлаб ўтган.

Мерседес Ракель Барча Пардо 1932 йил 6 ноябрда Магдалена дарёси бўйидаги Маганга қишлоғида дунёга келган. Унинг онаси колумбиялик фермерлар оиласидан эди. Отасининг қонида эса Фаластин-Миср қони оқарди. Маркеснинг ҳисоблашича, «Ниль илонининг сирли гўзаллиги» бўлмиш Мерседес айнан мисрликлар аждодидан келиб чиққан. Унинг бобоси келиб чиқиши жиҳатидан Александриядан бўлиб, Колумбияга бир неча шаҳарлардаги ўзига қарашли дорихоналар боғлаб турарди. Оила доимо кўчиб юрар, аммо қизалоқ учун ҳамиша энг нуфузли ва қатъий тартиб-қоидага эга католик мактабини танлашарди. У аъло баҳода ўқирди. Қиз жиддий ва масъулиятли бўлиб, энг севимли эрмаги уй ёнидаги боғ майсазорида ётиш ва ҳашаротлар, қушлар ва майда ҳайвонларни кузатишдан иборат эди. У биолог бўлмоқчи эди. Кутилмаганда Габриэль Гарсиа Маркесга турмушга чиқишга қарор қилганини ота-онаси унинг Шекспирни ҳаддан зиёд кўп ўқигани ва ўсмирлик ёшидаги тентакликка менгзашди. Қиз ўзини Жульетта деб тасаввур қилмаслиги учун унга ҳеч нимани тақиқламадилар. Бироқ йиллар ўтиб, Мерседес улғайгач, совчилар кела бошлади ва у барчани рад қилаверди. Мерседес Габриэлнинг совчи юборишини кутар, қари қиз бўлиб қолиши мумкинлигидан сира чўчимасди.

Қизга севгилисининг саргузаштлари ҳақида мунтазам етказиб туришарди. У эса буни ўзига тааллуқли эмас деб ҳисобларди. Қизни Габриэлнинг маърузаларга бормаётгани, ҳуқуқшунослик факультетини ташлагани ва журналист бўлгани ҳам ташвишга солмади. Ҳатто, севгилисининг Парижда испан актрисаси Мария Консепсьон билан боғлиқ ишқий муносабатлари ҳам Мерседес учун аҳамият касб этмади. Габриэль унинг хатларига жавоб беришни канда қилмаётгани, қалбида нималар кечаётгани ҳақида ёзаётгани муҳим эди. У эркак, ахир, ҳозирча никоҳ қасамёдини ичмадилар.

Ва, ниҳоят...

Габо ва Мерседес ҳафтасига икки-уч марта бир-бирига мактуб ёзишарди. Габриэль ҳар куни уйғонганида ва ухлаши олдидан деворда илинган Мерседеснинг суратига қарашини ёзарди. Бу ҳақиқат. Ўшанда дўсти Плинио Мендос Маркеснинг хонасига илк бор ташриф буюрганида Мерседеснинг фотосуратига кўзи тушган: «Мен унинг маҳбубаси акс этган фотосуратга қараш учун девор томон қадам ташладим – истараси иссиқ, сочлари текис қиз эди. «Бу – муқаддас тимсоҳ», – деди Габо».

Уларнинг унаштирилиши узоқ чўзилди. Маркеснинг «Вабо давридаги муҳаббат» романида бош қаҳрамон Флорентино Ариза севгилиси Фермина Дазага орадан эллик уч йилу етти ой ва ўн бир кун ўтиб, абадий севиши ҳақида онт ичганидан сўнг уйланади. Бу даражада эмас, албатта. Ҳар ҳолда Мерседеснинг тўла-тўкис ўн бир йил кутишига тўғри келди. Ўшанда Маркес ўттиз уч ёшга кирган эди.

Уларнинг никоҳи 1958 йилнинг март ойида бўлиб ўтди.

Мусофирлик, қашшоқлик...

«Биргаликдаги ҳаётимиз даврида бирор марта ҳам жиддий тортишувлар бўлмаган, – деган эди Габриэль Гарсиа Маркес орадан бир неча ўн йиллар ўтгач. – Бу, эҳтимол, никоҳгача қандай бўлсак, шундайлигимизча қолганимиз туфайли бўлса керак. Оилавий ҳаёт – ҳар куни қайтадан бошланадиган ҳаддан зиёд қийин жабҳа. Бутун умр шундай кечади. Доимий кескинликда яшайсан, гоҳида  зерикарли. Бироқ бу шунга арзийди».

Улар Маркес ишлаётган El Espectador таҳририяти томонидан берилган икки хонали уйда яшай бошлашди. Мерседес рўзғор юритишни билмасди. Габриэль бунга кўнгилчанлик билан ёндашди, уйни ўзи йиғиштирарди. Таом тайёрлашни рафиқасига сабр-тоқат билан ўргатди. Мерседес, айниқса тежамкорликни тез ўзлаштирди. Ночорликда яшаш, пештахталардаги арзон маҳсулотларни харид қилиш ва иштаҳаочар таомлар тайёрлашни билиб олди. Эри учун эса энг муҳими, ижодига хотинининг ҳаяжонли муносабати эди. Мерседес Габриэль Маркеснинг қоғозларига эҳтиёткорона қўл теккизар, улар гўё кўҳна муқаддас зарварақлардек, худдики қўлда уваланиб кетадигандек эди. Плинио Мендос шундай хотирлайди: «Мерседес билан танишганимнинг учинчи куни мен сингилларимга шундай дедим: «Габо соқовга уйланибди». Ҳа, у шу қадар одамови ва индамас эди.

1959 йил 24 августда уларнинг тўнғич ўғли дунёга келди. Родриго Гарсиа деб исм қўйдилар. Айни шу пайтда таҳририят Габриэлни махсус мухбир сифатида Европага юборди. Мерседес одатдагидек яна итоаткорона тарзда кутди. Кейинроқ Габриэль хотини ва ўғлини ўзи билан бирга Америкага олиб кетди. Мусофирликнинг оғир синовларини бошдан кечирдилар. Муҳтожлик, таҳдид-пўписаларга дуч келишди. Қочишга мажбур бўлишди. Мерседес ошқозон шиллиқ пардаларининг яллиғланишини орттириб олди. Бироқ у бирор марта ҳам эрига таъна қилмади.

1962 йили Мексикада иккинчи ўғил – Гонсало Гарсия туғилди. Маркес рафиқасига ўхшаган қиз дунёга келишини хоҳлаган эди, аммо бошқа фарзандлари бўлмадилар.

Рўзғор анжомлари эвазига... «Нобель»

Габриэль машинасини сотди ва хонага қулфланиб олиб, ўн саккиз ой мобайнида «Танҳоликнинг юз йили» романини ёза бошлади. У, ҳатто оиласини ҳам унутди. Бу вақт мобайнида рўзғор юритиш ишлари Мерседесга қолиб кетди. Еб-ичиш, яшаш, турар жой учун ижара ҳақи... аҳвол жуда оғир эди. Мерседес уй эгасини кутиб туришга зўрға кўндирди.

Ниҳоят, китоб ёзиб бўлинди. Аммо уни ноширга юбориш учун 160 песо етмасди. Уйда 80 песо қолганди, холос. Мерседес уй анжомларидан қориштиргич ва фенни сотди. «Роман яхши ёзилган бўлсин ишқилиб», – деди у.

1967 йилда «адабий зилзила»га сабаб бўлган мазкур асар Габриэль Гарсиа Маркесни тирик афсонага айлантирди. У барчаси учун хотинининг олдида қарздор эканлигини англар эди. Маркес «Вабо давридаги муҳаббат» романини Мерседесга бағишлади.

1982 йилда ёзувчи Нобель мукофоти билан тақдирланди. Бу бутун Лотин Америкаси учун муҳим воқеа эди. Журналистлар уларнинг уйини ўраб олишди. Эр-хотин яширинча қочиб чиқиб, «Чапультепек-Президент» меҳмонхонасидан қўним топдилар. Кўп ўтмай, бу ерда дўстлар йиғилишди. Барча-барча Маркесга мақтовлар ёғдирарди.

Мерседес эрининг ижод қилиши учун барча шароитни муҳайё қиларди: сифатли қоғоз, егулик ва қаҳванинг ўз вақтида берилиши, стол устида сигаретанинг туриши ҳамиша назоратда эди. У эри ҳақидаги мақолалар билан танишар, уларни саралаб чиқарди. Баъзида эса ўғилларини меҳмон сифатида қабул қилар, уларнинг отаси билан баҳслашуви ва ҳазиллашишларини жимгина кузатиб ўтирарди.

Дарвоқе, Маркес бир вақтлар болалар учун ҳам ёзишга уриниб кўрган. Уни бу ишдан ўғиллари қайтариб қолишди. «Сиз ростдан ҳам болаларни шу қадар аҳмоқ деб ўйлайсизми?» – дейишганди улар.

Сўнгги йиллар: қаҳр-ғазаб ва ўлим

1999 йилда Маркесга «лимфатик тизим саратони» ташхиси қўйилди. Бунгача, 1989 йилда унда енгил саратон кечган ва касаллик бартараф этилган эди. Соғайганидан сўнг биринчи матбуот анжуманида Габриэль Гарсиа Маркес бошқа ёзмаслигини хабар қилди: «Энди мен фақат Мерседеснинг эриман, тўласинча унга тегишлиман».

Ёзувчи ёши улғайган сари севги ҳақида, бу туйғунинг ҳаётдаги улкан аҳамияти хусусида дадил ва очиқ эътироф эта бошлади: «Мен учун шубҳасиз: ҳаётнинг мазмуни, бу – муҳаббатдир. Ёзганда фақат муҳаббат мавзу бўлмоғи керак. Қолган ҳаммаси алдамчи! Менинг кейинги романим ишқ ҳақида, эркак ва аёлнинг ҳиссиётли, телбавор, умидсиз, абадий севгиси ҳақида бўлади...»

«ХХI асрда мени тўхтовсиз дафн эта бошлашди, – дея зорланиб кулган эди Маркес. – Телевизор ёки радиони қўйиб, ўзимнинг таъзиямга гувоҳ бўлардим. Газеталарда ўқирдим: «Бугун сурункали оғир касалликдан сўнг ёзувчи... совриндори...» Мен ниҳоятда ғазабланардим. Бора-бора ойда икки марта бўладиган ўзимнинг ўлимимга кўникдим. Нимаям қила олардим!»

Габриэль Гарсиа Маркес кейинги йилларда Альцгеймер хасталиги билан оғриганди. Унинг укаси Хаим журналистларга Габриэлнинг ўғиллари ва укасини танимаган кунлари бўлганини ғам-ғусса билан айтиб берди. Маркес фақат рафиқасини танирди. Баъзи-баъзида Мерседес у қачондир албатта уйланадиган қизга ўхшаб кетарди.

2014 йилнинг 14 апрели. Жаҳон адабиёти аҳли зўр ижодкордан жудо бўлди. Маркес 88 ёшда эди.

Акбар Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.