Меҳри Бекжонова: «Ҳамманинг борадиган жойи битта, унвони бўлса ҳам, бўлмаса ҳам»

Улашиш:

Халқимизнинг севимли актёри, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекжонов ва унинг касбдоши, ҳамфикр, ҳаммаслаги, турмуш ўртоғи, Ўзбекистон Рес­публикаси халқ артисти Меҳри Бекжонова билан суҳбатимиз ҳаётнинг гоҳ текис, гоҳ нотекис йўллари, халқ эътиборига тушиш машаққати, одамлар меҳрини қозона олиш ва шу муҳаббатга, ҳурматга муносиб бўлиб, бахтли яшаш сирлари ҳақида бўлди.

– Меҳри опа, мен сизни негадир Александр оға каби хоразмлик бўлсангиз керак, деб ўйлар эдим. Чунки бир-бирингизга жуда муносиб жуфтликсизлар.  

– Асли Наманган вилоятининг Поп туманиданман. 1979 йилда талаба бўлдим, Саша ака 1980 йилда студент бўлганлар. Собиқ Островский номидаги театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекис­тон давлат санъат ва маданият) институтининг мусиқали драма актёри факультетида таҳсил олганмиз. У кишининг ёшлари мендан катта бўлса ҳам бир курс кейин таҳсил олганлар. Чунки Хоразмдаги Харратов номидаги билим юртини тугатиб, истеъдодини мустаҳкамлаб, кейин инс­титутга ўқишга келганлар. Тақдирни қарангки, ҳамқиш­лоғим Мунаввара Бобоева билан курсдош бўлишган.

Кунларнинг бирида ётоқхонада қиш­лоқдошимни излаб, уларнинг курси пьеса саҳналаштираётган хона эшигини таққиллатдим. Спектакль тайёрлашаётганини кўриб, хижолат бўлиб, секин ортимга қайтиб чиқиб кетаётсам, Мунаввара «Кетманг, илтимос, Сашанинг ёнида ўтириб, келин ролини ўйнаб беринг, тўй саҳнасини тайёрлаётгандик, илтимос, эртага домлага кўрсатишимиз керак», деб туриб олди. Эртасига спектаклни ижро этиб беришлари керак, амма, хола, қайнона-қайнота роллари эгалари бор-у, фақат келин ролини ўйнайдиган қиз келмай қолган экан... Рад этишимга қарамасдан ёрдам сўрашди, келин ролини ижро этдим. Шу-шу, орамизда илиқ муносабат пайдо бўла бош­лади... Биримизнинг номимиз келин, биримизники куёв бўлиб қолди. Қарасам, баланд бўйли, келишган ва жиддий йигит. Шундай қилиб танишувимиз муҳаббатга айланди. Демоқчиманки, саҳнадаги келин-куёвлар баҳона тақдиримиз боғланиб кетди. Бир-биримизга кўнгил бердик...

Саша аканинг онаси оламдан ўтган эди. Опаси, акаси, Аҳмаджон исмли ўртоғи совчиликка боришган. 1985 йил тўйимиз бўлди. Қизиғи, мен 3 марта келин кўйлак кийганман. 25 июнда Тошкентда никоҳдан ўтиб, «Ширин» кафесида «вечер»имиз, бир ҳафтадан сўнг 2 июлда Попдаги ҳовлимизда катта тўй бўлган. Яна келин кўйлак кийганман. Кейин Тошкентга келиб, Муқимий номидаги Ўзбекис­тон давлат мусиқали театридаги ишимдан меҳнат таътилига чиқиб, Хоразмга кетганмиз: Ҳазораспга етганимизда оқ либосларни кийсак, ҳамма ҳайрон қолган «э-э, келин опкелаётган эканмиз-да Хоразмга», деб. Биз Хонқага келин-куёв бўлиб борганмиз ва хоразмча урф-одатлар бўйича тўй қилишган.

1986 йили турмуш ўртоғим ҳарбий хизматга кетгач, мен Наманганга қайтдим. Дилдорахон қизим туғилиб, бир ярим ёшга кирганида Саша ака армиядан келганлар ва биз яна Тошкентга қайтиб, ётоқхонада яшаб, қизимизни боғчага бериб, ижодимизни давом эттирганмиз. Ўша пайтларда бор кучимизни ижодга, ишга бахш этган эканмиз. Орадан 9 йил ўтиб, Диёрбек ўғлимиз дунёга келди.

– Совчилар эшигингизни таққиллатишганида Александр аканинг исми ота-онангизни ўйлантирмаганми? Ҳеч қизиққанмисиз, у кишига русча исм қўйиш­ларига нима сабаб бўлган?

– Мен онамга Саша ака билан бир-биримизни севишимизни, фақат шу йигит билан бахтли бўла олишимни, соҳамиз бирлигини айтганман. Албатта, айтганингиздек, исми биринчи ўринда эътирозларга сабаб бўлган. Мен у кишининг отаси ўзбек ва онаси рус аёли бўлгани учун фарзандларига русча исм қўйганларини айтганман. Қайнонам уруш пайтида Украинадан келиб, Ўзбекистонда, Хоразмда яшаб, турмуш қуриб, шу ерда яшаб қолган. Албатта, онам ва опоқ дадам раҳматли бироз норози бўлишган, аммо ўртамиздаги меҳр-муҳаббатни кўриб, тўйга розилик беришган. Саша акани кўриб, гаплашиб, меҳмон қилишган ва яхши кўриб қолишган. 

– 1970 – 1980 йилларда қизларининг актриса бўлишига ҳамма ота-оналар ҳам кўнавермасди. Шундай эмасми?

– Мен Попда оддий оилада туғилиб ўсганман. Опоқ дадам темирчи уста эдилар. Онам колхозда ишлаганлар, онамнинг турмушлари бузилгани учун бувим ва бобомникида улғайганман. Мактабдаям ҳаракатчан бўлганман. Биронта тадбир менинг иштирокимсиз ўтмасди. Ўйинқароқ бўлиш билан бирга аълочи ва жамоатчи эдим. Мактабимиз фаоли сифатида Тошкентга келиб, тадбирда учта қўшиғим билан иштирок этганман. Бу менинг санъатга бўлган иштиёқимни янада кучайтирган. Ҳаттоки ёшлигимда велосипед, мотоцикл ҳам ҳайдаганман. Шаддод қиз эдим. Опоқ дадамнинг темирчилик устахонасига кириб, уларга ҳам қарашардим, далада ишлардик, нон ёпардик. Гапнинг қисқаси, нима иш бўлса қилиб кетаверардим.

Тўғри, у пайтларда қиз болаларнинг санъаткор бўлишига рухсат беришмасди. Ҳаттоки аммам тўгаракка қатнашганларида амаким «сен қўшиқ айт­моқчимисан», деб оёқларига хипчин билан уриб олиб кетишган. Лекин менга ҳеч ким қаршилик қилмаган. Мендаги иқтидор ва истеъдодни қариндошларимиз ҳам яхши билишарди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Директоримиз «Мактабимиз юлдузи бу!» деб алқардилар. Балки шунинг учун менинг йўлимга тўсиқ бўлишмаганми, билмадим. У пайтлари машҳур санъаткорлар вилоятларда, қишлоқларда юриб, ёш талантларни излашар эди. Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова мактабимизга бориб, кўпчилик тенгдошларим орасидан мени танлаб, Тошкентга ўқишга таклиф этган. Орадан 3 йил ўтиб, Мўминжон тоғам мени ўқишга олиб келган.

– Александр оғанинг ёшлиги, болалиги ҳақида нималарни биласиз?

– Саша ака ҳам ёшлигидан тиришқоқ, ўқишга иштиёқи баланд, меҳнаткаш бола бўлганлар. Хонқадан Урганчга қатнаб, билим юртида ўқиган. Эрта тонгда онаси тандирга нон ёпар, Саша ака уларга қарашар экан. У кишининг ҳар бир ишни ўз вақтида бажариши, меҳнаткашлиги, менга ҳам ҳар бир ишда кўмакдошлиги ёшлигида олган тарбияси маҳсули, деб ўйлайман.  

– Икки нафар ёш актёр оёққа туриб, халққа танилгунча анча-мунча қийинчиликларни бошдан кечирган бўлсангизлар керак?

– Болаларимиз кичиклигида қийин­чилик­лар бўлган, албатта. Театр­да бош ролларни беришарди, уларни маромига етказиб ижро этиш вақт ва имкониятга боғлиқ. Болалар ёш, уларга ҳам вақт ажратиш керак. Болаларни боғчадан олиб, театрга олиб келиб, ўзимиз репетиция қилардик, пьеса қўярдик. Моддий имкониятимиз ночор эди. Ҳаттоки ўша пайтларда Саша ака рўзғор тебратиш учун менга билдирмасдан мардикорликка ҳам чиқар экан. Лекин биз ҳечам нолимаганмиз, борига қаноат қилганмиз, бир-биримизга суянчиқ бўлганмиз.  

– Касбдошларнинг оила бўлиб шакл­ланишининг афзал томони ҳам, ноқулай томонлари ҳам мавжуд. Айниқса, актёрликда. Гоҳида кимдир оиласи мус­таҳкамлиги учун машҳурликдан кечиши, уйда ўтириб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлиши керакдай чамамда...  

– Санъаткорнинг аёли бўлиш ҳам, санъаткорнинг эри бўлиш ҳам осон эмас. Турли гап-сўзлар айланади атрофида. Албатта, оила, болалар тарбияси, ижод машаққати – буларни бирга олиб бориш учун эр-хотин бир-бирини яхши тушуниши, айтиш мумкинки, севиши керак, бир-бирига фидойи бўлиши лозим. Омадли томонимиз бу хис­латлар бизда бор эди ва бир театрда ишлардик: бир-биримизнинг кўз олдимизда эдик. Съёмкаларда, тўйларда, ишда, ҳамиша бирга эдик. Эл хизматига илк бор турмуш ўртоғим билан бирга чиққанмиз. Бу эса оила иқтисодига ижобий таъсир қила бошлаган. Ҳамиша, ҳар ерда биргалигимиз бизни рашк, шубҳа-гумон туфайли келиб чиқадиган кўнгилхираликлардан асраган. Ҳамиша ёнингда, кўз олдингда, иш билан банд юрган жуфти ҳалолингнинг нимасини рашк қиласан!

Бизнинг энг катта ютуғимиз шу эди ва бахтли бўлишимизга сабабчи ҳам бирга ишлашимиз, деб ўйлайман. Эр-хотин санъаткорлар бир-бирининг ижодини ҳурмат қилсагина бахтли бўлади ва муваффақиятга эришади. Болаларимизга қарашга, ёрдам беришга ҳеч ким бўлмаган. Болаларимизни театрга опкелиб, роль ўйнагунимизча ҳамкасбларимиз қараб туришган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам Саша ака менга: «Болаларга қара, уйда ўтир, санъатни йиғиштир», демаганлар. Шундай деганларида оиламни сақлаб қолиш учун балки кўнардим… 

– Ҳаёт сизларни қандай синади ва нималар билан сийлади?

– Ҳаётимизда бизга кўпроқ яхши инсонлар учраган. Театрда «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Мангулик», «Гул ва Наврўз», «Нодирабегим» каби асарларда асосий ролларни ижро этганмиз. Албатта, кимгадир шайтон нега бу ролни сен эмас, у ўйнаши керак, дея кўнглига ғулғула солади. Ҳаёт ҳеч қачон бир текис кетмайди. Шундай паллаларда Аллоҳ берган ақл-фаросат, сабр ва шукр, чиройли муомала билан барчасини енгиб ўтганмиз. Бунинг устига кўпчилик эркаклар қалбига эркаклар шубҳали гаплари билан гумон солади. Саша акада ҳам рашк масаласида нозик томонлари бор эди. Сабр, сабр ва яна сабр… Ҳаёт бизни йўқчилик, қийинчиликлар, гоҳида рашк изтироблари билан синади ва сабр туфайли эл назари, ҳурмати ва эҳтироми, бир-бировимизга муҳаббат билан сийлади. Оддий қишлоқ йигит-қизини улуғ касб, табаррук саҳна, яхши устозлар, меҳрибон ҳамкасблар, чиройли оила, ақлли ўғил-қизлар билан сийлади. Меҳнатимиз маҳсули уй-жой – кичик Ватан, Саша ака айтгувчи «олий мақсад – машина», қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти каби улуғ унвонлар билан сийлади. Бизни таниқли ва суюкли қилди. Суҳбатлашиб ўтирганимизда Саша ака: «Меҳри, агар биз нолисак ёки театримизга, касбимизга хиёнат қилсак, кўр бўламиз», дейдилар. Жуда тўғри. Оддий деҳқоннинг фарзандлари мамлакат марказига келиши, юртга таниқли бўлиши осон эмас. Масалан, менинг ўзим Франция, Германия, Миср, Ҳиндистонда бўлиб, саҳналарида қўшиқ айтдим. Бу учун кеча-кундуз шукронада бўлсак ҳам кам.

– Александр оғанинг қандай хислатлари қадрлайсиз? 

– У киши меҳрибон, фарзандлари учун жонфидо ота, оилапарвар, ишончли ёр, оилабоши, оиламиз файзи. Кўпинча менга «Мен оиланинг ақлиман, сен баракасисан!» дейдилар. Аёл киши учун бу олий унвон-ку, тўғрими? Хурсанд бўлиб кетаман. Ўзимга айтмайдилару, бошқаларга яхши фазилатларимни айтар экан. Аёл учун бахт бу! Кўпроқ ҳамсуҳбатини тинглашни яхши кўради, оила сирларини бировга айтмайди. Менга ҳам шуни та­йинлайдилар, аммо менинг соддалигим бор, гапириб қўявераман. Тўғрисўз, бировнинг ортидан гапирмайдиган, нима гап бўлса ўзига ва юзига айтадиган инсон. Кўп гапирадиган, ёлғончи, тилёғлама, иккиюзламачи одамларни ёмон кўради. Одамни бир кўришидан берган баҳолари тўғри чиқади. Шундай вақтларда: «Айтганингиз тўғри чиқди. Авлиёмисиз?», десам, «Худонинг суйган бандасиман-да», деб қўяди. Саша ака бировга ваъда бердими, албатта, сўзининг устидан чиқадилар. Айтилган жойга ўн беш минут олдин бориб туради. Қариндошларга, болаларига меҳрибон бўлиш билан бирга, қаттиққўллик­ларини қадрлайман, шу билан бирга кўнгиллари бўш. Таъсирлансалар, кўзларига ёш келади. Озодаликни яхши кўради. Ҳар соҳада билимга, тушунчага эга...

– Саҳна қай бир актёр учун ижод майдони, ким учундир даромад манбаи... Сизлар учун саҳна нима?

– Саҳнани даромад манбаи сифатида кўрган инсон бу ерда барака топмайди. «Театр – ибратхонадир», деб бекорга айтилмаган. Томошабинлар биздан нимадир ўрганиши керак. Ёмон образ яратсак, ўшанга ўхшамай дейиши, яхши қаҳрамонимиздан ибрат олиб кетиши лозим. Саҳна бизнинг жону дилимиз, севимли ишимиз. Меҳнатимиз, иқтидоримизни рўёбга чиқарадиган маскан. Муқимий номидаги Ўзбекис­тон давлат мусиқали театри – энг отахон даргоҳ­лардан. Эътибор беринг, актёрлар томошабиндан юқорироқда туриб ўйнайди: бу Аллоҳнинг иродаси. Томошабиндан бир қадам олдинда юриш, бироз юқорироқда туриб ибрат кўрсатиш биз учун фахр! Саҳнада, томошабин олдида игна билан қудуқ қазигандай масъулиятли бўламиз. Саҳна нафақат мухлисларни, балки бизни ҳам тарбиялайди.

– Ўзбекчиликнинг жуда нозик одатлари бор. Саҳнада бўлса ҳам аёлининг қўли бегона эркакнинг қўлига тегса, рашк азобида тўлғонадиганлар бор. Александр оға билан сиз ижро этган роллар борасида муаммолар чиқмаганми?

– Турмуш ўртоғим ўзбекчиликни, рўмол ўраб, иболи, ҳаёли бўлиб юрган аёлларни, миллийлигимизни жуда қадрлайди. Оила бўлгач, албатта, рашк бўлади, бусиз иложи йўқ. Биздаям шундай ҳолатлар бўлган. Мен ҳам актёрлик касбим эканини, уни яхши кўришимни, саҳнадан кеча олмаслигимни йиғлаб-сиқтаб тушунтирганман. Ишқилиб, ниҳоят тушунганлар, муаммолар яхшилик билан ҳал бўлган. Бирон кўйлак ёки кийим-кечак харид қилсам, ёшимга мосини оламан. Чунки турмуш ўртоғим норози бўлмасин, дейман.

– Оилада кўпроқ нималардан муаммолар чиқади?

– Оилада қачонки аёл қўлини белига қўйволиб, эрига буйруқ берса, жанжал шундан чиқади. Аёл аёллигида туриши керак. Бу кишининг шиори шундай. Оиламизда деярли катта муаммолар бўлмаган. Саша ака: «Менинг олдимга чиқма!» дейди. Баъзида шошқалоқлик қилиб, бирон нарсани ҳал қилсам, хатолик чиқса: «Аёллигингда тур, ҳаддингни бил!» дейди. Аслида мен жуда қаноатли аёлман, чамамда. Эркакларнинг ишига аралашавермайман, уни оберинг, буни оберинг, деб талаб қўймайман, тилла тақинчоқларга қизиқмайман. Борини кияман, борини тақаман, уйда нима харажат бўлса, шундан таом тайёрлайман. Ўзлари айтгандай, мен аёллигимда тураман, улар эркаклигида! Шу билан олам гулистон. 

– Икки инсон бир оилада узоқ йиллар бирга яшагач, бир-бирига ўхшаб кетади, дейишади. Бир-бирингизга ўхшаш томонларингиз нималардан иборат?

– Гоҳида биримиз ўйлаб турган фикрни биримиз айтиб қўямиз. Бирон иш қилишдан олдин турмуш ўртоғимиз қандай фикрда бўлишини олдиндан биламиз.

– Александр ака сизни қандай совғалар билан ёки қандай қилиб хурсанд қиладилар? Ишдан бўш вақтларида нималар билан машғул бўладилар?

– У киши кичик бир совға берсалар ҳам мен хурсанд бўлавераман. Гоҳо гул, гоҳо пул. Пулимиз ўртада, лекин ҳаммамиз фойдаланадиган нарса харид қиладилар. Баҳор, куз фаслларида сантехник чақириб, уйни тайёрлайдилар. Байрамларда ёки тадбирларда ош ёки қозонкабоб қилиб беради. Бу таомларни мендан ширин тайёрлайдилар. Ҳовлида кетмон чопиб ҳузурланади.

– Кинодан кўра кўпроқ спектаклларда роль ижро этишларингизнинг сабаби нимада?

– Биз театрда иш бошлаганмиз. Театрда банд бўлганмиз ҳамиша. Кинода суратга тушиш учун оиламни, ёш болаларимни ташлаб, бир ойлаб кетолмасдим. Бу турмуш ўртоғимга ёқмасди, албатта. Мана энди фарзандларимизни уйли-жойли қилдик, таклифларни қабул қиляпмиз.

– Турмушнинг муштлари бошингизга тушганми? Унинг зарбаларини қандай енггансизлар?

– Бусиз иложи йўқ. Етишмовчилик, келишмовчилик ҳамма оилада ҳам бўлади. Барчасини ақл билан енгганмиз. Баъзида мени хафа қилганлардан Саша акага шикоят қилсам, «Сен у билан тенг бўляпсан, унинг гап­ларини келиб, менга айтяпсан. Ундан нима фарқинг қолди, сенга ақл, фаросатни нега берган?» деб танбеҳ беради. Ўйлаб, фикрлари тўғрилигига ишонч ҳосил қиламан.

– Ҳаётингизнинг энг ширин лаҳзалари, энг қувончли кунлари ҳақида тўхталсангиз. 

– Тўйимиз бўлган куни, ўғлим ва қизим туғилган кунлар, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларини олганимизда, уй, машина, ҳовли олганимизда, неваралар туғилган кунлари энг бахтиёр кунларимиздир.

– Унвонлар... Улар инсон меҳнатига берилган эътибор ва эътироф. Мабодо оиладаги икки актёрдан бири ана шу эъти­бордан четда қолиб кетса...

– Иккаламиз ҳам меҳнатимизга яраша қадр топдик. Турмуш ўртоғим мендан кечроқ унвон олди, чунки у киши унвонларга қизиқмайдилар негадир. Кўпинча баъзилар: «Меҳри опам халқ артисти, сиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистсиз. Ноқулайчилик бўлмайдими?» дейишади. Биз, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Ҳамманинг борадиган жойи битта: унвони бўлса ҳам, бўлмаса ҳам. Қаерга бормайлик, у кишига йўл бераман, аёл киши бўлганим учун ҳамиша у кишидан бир-икки қадам ортда юраман.

– Сиз учун актёрлик бахти ва аёллик бахти нима? Унинг кўпроқ қай бирига эгасиз?

– Оналик бахти бу фарзандларини тўғри тарбиялаб, эл-юрт хизматига йўлласа. Мен актёрлик бахтига ҳам, аёллик бахтига ҳам эришдим. Бунинг учун, яъни пешонамга яхши инсонларни ёзгани учун шукрона қиламан. Саша ака жуда серқирра ижодкор. Яхши ролларни ҳам, ёмон ролларни ҳам, комик ролларни ҳам маромига етказиб ўйнайди.

Бугун фарзандларимиз ортидан раҳмат эшитяпмиз. Мухлислар: «Фарзандларингиз таниқлиликда сизлардан ўзиб кетишди», дейишади. Саша Бекжонов, Меҳри Бекжонова дейишдан кўра, Диёрбекнинг отаси, Дилдоранинг онаси, де­йишса, хурсанд бўламиз. Ота-онага бундан ортиқ бахт борми?! Қизимиз Дилдорахон Бекжонова журналистика соҳасида, дубляж соҳасида ишлаяпти. Ўғлимиз Диёр­бек актёрлик соҳасида. Баракали ижод қилишяпти. Диёрбекнинг эгизак қизлари, Дилдорахоннинг бир фарзанди бор. Булар бизнинг кўнглимиз ва кўзимиз қувончларидир. 

– Роль танлашда бир-бирингизнинг фикрингиз билан қизиқасизларми, маслаҳатлашасизларми?

– Албатта маслаҳатлашамиз, номуносиб роль бўлса мухлислар эътироз билдиришади. Яқинда бир мухлисимиз: «Шу роль Саша акамга ярашмабди, енгилтак аёл билан бирга ўйнабдилар, бундай роль ижро этмасинлар», деди. Мен эътибор қилмаган эканман, бу кишига айтсам: «Бир тўғри келиб қолди-да», деди. Мухлисларимиз жуда эътиборли. Бунинг устига ўзбек халқи одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилишни талаб қилади.

– Турмуш ўртоғингиз раҳбар бўлган жамоада ишлашнинг ижобий ва салбий томонлари қандай?

– Бир ярим йил театрга раҳбарлик қилди. Лекин мен ҳеч қандай салбий томонларини ёки ўзгарганларини кўрмадим, ишимни давом эттирдим. Бир-икки кишилар «Директорнинг хотини бўлиш қандай бўлар экан?» деганларида жаҳлим чиқиб кетди: «Менга иккинчи марта директорнинг хотини деган гапни айтманг, мен ёмон кўраман бундай гапни», дедим. Саша ака «мен актёрман, актёрлигимча қоламан», деди биринчи йиғилишдаёқ.

– Нималардан афсус ва нималардан шукр қиласиз?

– Вақтимни фақат ижодга бахшида қилган эканман-у фарзандларимизни кўпайтирмаганимдан афсусланаман. Ўғлимиз ҳам, қизимиз ҳам яна бир ўғил, бир қиз ука-сингилларимиз бўлганида эди, дейишганида юрагимни афсус тирнайди. Баъзида онамнинг ёнларида бўлолмадим, Тошкентда яшадим, кўпроқ вақт ажратолмадим, дея афсусланаман. Аммо онам менинг бахтимни кўриб, бахтиёр бўлиб юрганларини эслаб, кўнглимга таскин бераман.

Яратган бизни шунчалар халқимизга суюкли қилдики, оқил жуфти ҳалол, меҳрибон ва истеъдодли, меҳр-оқибатли фарзанд­лар берди. Барчаси учун беҳисоб шукронадаман!

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди
(«Adolat» газетасидан олинди)


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.