Ядро қуролларига эга давлатлар — рўйхат, статистика

Улашиш:

Ядро қуролларидан жанговар мақсадда биринчи маротаба 1945 йил 6 августда фойдаланилди: Американинг ҳарбий ҳаво кучлари Япониянинг Хиросима шаҳрига Little Boy («Болакай») номини олган атом бомбасини ташлади. Ядро қуроли зарбаси натижасида 200 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, бедарак йўқолди, нурланиш оқибатида вафот этди. Портлаш эпимарказининг 4 км радиусида бўлган ҳудудда бир неча соатлаб ёнғин давом этди. 90 мингта уйдан 62 мингтаси тўлиқ вайрон бўлди. 9 август куни АҚШ қўшинлари Нагасакига ҳам атом бомбасини ташлади.

Ўтган ҳафта Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу ва бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга тийиб туриш кучларини ҳарбий навбатчилик режими ҳолатига келтиришга буйруқ берди. Тийиб туриш кучлари ядро қуролларини ҳам ўз ичига олади.

«Газета.uz» ядро қуроллари мавжуд бўлган давлатлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. SIPRI эслатмасига кўра, барча маълумотлар тахминий ҳисобланади.

Ядро қуроллари бор давлатлар

Америка олимлари федерацияси (FAS) маълумотларига кўра, 2022 йил бошида дунёнинг 9 та мамлакатида жами 12 700 атрофида ядро каллаклари мавжуд бўлган. Уларнинг деярли 90 фоизи Россия ва АҚШга тегишли бўлиб, ҳар бир мамлакат армияси 4 минг атрофида ядро каллакларига эга. Бошқа давлатларда ядро қуроллари арсенали мингта каллаккача ҳам бормайди.

FAS таъкидлашича, АҚШ ўзининг ядро қуролларини камайтириб бормоқда. Франция ва Исроилда ядро каллаклари сони стабил сақланиб турган бўлса, Хитой, Ҳиндистон, Шимолий Корея, Покистон, Буюк Британия ва Россия ядро салоҳиятини ошириб бораётгани тахмин қилинади.

12 700 ядро каллагидан 9400 дан ортиғи ракеталар, ҳаво кучлари, кемалар ва сувости кемаларига ўрнатилган. Қолган каллаклар «истеъфога чиқарилган» ва демонтаж қилинишини кутмоқда. 2000 га яқин АҚШ, Россия, Британия ва Франция ядро каллаклари шай ҳолатда бўлиб, қисқа вақт ичида ҳаракатга келтирилиши мумкин.

АҚШ

2022 йил 2 март ҳолатига кўра, АҚШнинг ядро қуроллари салоҳияти 5428 та жанговар каллакдан иборат. Шундан, ракеталарга ўрнатилган жанговар каллаклар сони 1 744 тани, захирадаги каллаклар сони 1964 тани ташкил этади. 1720 та каллак эса демонтаж қилинишини кутмоқда.

Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро кампанияси маълумотига кўра, Бельгия (10−15 та), Германия (10−15 та), Италия (40 та), Нидерландия (20 та) ва Туркия (50 та) давлатларида АҚШнинг ядро қуроллари жойлаштирилган.

Россия

2 март ҳолатига Россияда 5977 та ядро каллаги мавжуд. Шундан 1588 таси шай ҳолатдаги жанговар каллаклар бўлса, 2889 таси захирада. 1500 та жанговар каллак демонтаж қилинишини кутмоқда.

Буюк Британия

Буюк Британияда март бошида 225 (2020 йил 215 та) та ядро каллаги бўлиб, шулардан 120 таси шай ҳолатда турган, қолган 105 таси эса демонтаж қилинишини кутаётган ёки захирадаги жанговар каллаклар ҳисобланади.

Франция

Бу давлатда 2022 йил март ҳолатига жами 290 та ядро каллаги бўлган. Шундан 280 таси шай ҳолатдаги, 10 таси эса демонтаж қилинишини кутаётган ёки захирадаги жанговар каллаклар ҳисобланади.

Хитой

ХХРда, март ҳолатига кўра, мамлакатда 350 та жанговар каллак мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси захирада ва ташувчиларга ўрнатилмаган.

Ҳиндистон

2021 йил бошида ушбу мамлакатда жами 156 та ядро каллаги бўлган бўлса, 2022 йил март ҳолатига Ҳиндистон ядро қуроллари салоҳиятини 160 тагача оширган.

Покистон

Мамлакатнинг ядровий салоҳияти 165 та жанговар каллакдан иборат бўлиб, уларнинг барчаси захирада.

Исроил

Ушбу давлатда ҳам 90 та демонтаж қилинишини кутаётган ёки захирадаги жанговар каллак мавжуд.

Шимолий Корея

FAS маълумотларига кўра, КХДРда 2022 йил март ойида 20 та ядро каллаги бўлиши мумкин. Бироқ SIPRI 2021 йил боши бўйича эълон қилган статистик маълумотларда Шимолий Кореядаги ядро каллаклари сони 40−50 тадан иборат эканлиги айтилган. Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракета билан етказиб бериш учун оператив ядровий каллак ишлаб чиқаргани ҳақида очиқ маълумот йўқ, бироқ унда ўрта масофали баллистик ракеталар учун кам сонли каллаклар бўлиши мумкин. Шимолий Корея бўйича кўрсаткичлар жуда ноаниқлиги айтилади.

Маълумот учун, Эронда ядро қуроллари мавжудлиги ҳақида расмий маълумот йўқ. Расмий Теҳрон ядро дастурини мамлакатда атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган илмий-ишлаб чиқариш чора-тадбирлари мажмуаси эканлигини таъкидлайди. Лекин АҚШ ва бошқа қатор давлатлар Эронни ядровий қурол яратиш бўйича махфий ишларда гумон қилади.

«Ядро чамадони» нима?

Ядро қуролига эга бўлган давлатларнинг раҳбарлари стратегик мудофаа тизимини фаоллаштириш учун портатив қурилмага эга. Уни «ядро чамадони» ҳам дейишади.

1945 август ойида Япония шаҳарларига уюштирилган ядро ҳужумлари тўғридан-тўғри АҚШ президенти Трумэн иштирокида амалга ошмаган. У ядро зарбалари режалаштирилгани ҳақида хабардор бўлса-да, ҳарбийлар буни ўзлари амалга оширишган. Трумэн Хиросимага тушган бомба ҳақида ядровий зарбадан 16 соат ўтганидан кейин хабар топган, дейилади айрим манбаларда.

«Ядро чамадони» ғояси 1950 йилларда АҚШда туғилган. Кариб денгизи инқирози натижасида президент Жон Кеннеди ядро арсеналини шахсан олий қўмондон томонидан назорат қилинишини шубҳа остига қўяди ва бундай хавфли қурол ишончсиз амалдор қўлига ўтиб қолишидан қўрқади. Кеннеди ядровий зарба бериш ҳақидаги буйруқ унинг рухсатисиз берилиши мумкинлигидан, бундан ташқари, қўмондонлик пунктида бўлмасдан туриб, бундай буйруқ бера олмаслигидан ҳадиксирагани айтилади. Натижада АҚШ ядро арсеналини бошқариш тизими қайта кўриб чиқилди ва «ядро чамадони» яратилди.

Россия

Борис Ельцинга тегишли бўлган «Чегет». Фото: Музей «Ельцин центр»

2020 йилги ҳужжатга кўра, Россияда ядровий қуролларни фаоллаштириш бўйича қарорни мамлакат президенти қабул қилади.

«Чегет» деб номланувчи чамадон доимо президент яқинида бўлади ва у давлат раҳбарини Россия стратегик ядро қуролларини бошқариш ва назорат қилиш тармоғига улайди. «Чегет»да ядро ракеталарини учириш тугмачаси йўқ, у фақатгина ракеталарни ишга тушириш бўйича буйруқни Бош штабга узатади.

Россия Бош штаби раҳбари ракеталарни ишга тушириш кодларига эга ва уларни иккита йўл билан фаоллаштириши мумкин. У ҳар бир ядровий қурол қўмондонига авторизация кодини юбориши мумкин, улар эса буйруқни олгач, ракеталарни ишга туширади. Бундан ташқари, Бош штаб раҳбари «Периметр» тизими орқали ерда жойлашган ракеталарни тўғридан-тўғри ўзи фаоллаштириши мумкин.

АҚШ

Фото: Getty images

АҚШ президентининг ядро чамадони (инглизча умумий номлари: Nuclear Football, President’s Emergency Satchel, The Button) — бу АҚШ президентига ядро қуролидан фойдаланишга буйруқ бериш имкониятини берувчи асбоблар ва маълумотларни ўз ичига олган махсус сумка. «Сумка» президент қўмондонлик постларидан узоқда бўлган вазиятда Пентагон билан боғланишга мўлжалланган.

Оқ уйнинг собиқ ҳарбий идораси директори Билл Гуллининг «Қопқоқни бузиш» китобига кўра, президентнинг фавқулодда вазият «сумка"си, расмий равишда айтилганидек, тўртта нарсани ўз ичига олади. Улар — зарбалар вариантлари рўйхати бўлган қора китоб, президент шахсини тасдиқлаш учун аутентификация кодлари ёзилган карта, президент яшириниши мумкин бўлган хавфсиз бункерлар рўйхати ва фавқулодда огоҳлантириш тизимидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалардир.

АҚШда бундай «сумка"лардан 3 та бор, улар АҚШ президенти, вице-президенти ва Оқ уйда бўлади. Яна бир манбада айтилишича, мудофаа вазири ўринбосарида ҳам «сумка» бор. Бунга сабаб эса президент ва мудофаа вазири йўқ қилинган тақдирда ядро ҳужумларига жавоб қайтариш ҳисобланади. Шунга кўра, тўртта фаол «сумка» мавжуд бўлиб, ядро қуролини ишга тушириш учун камида иккитаси керак бўлади.

Франция

Францияда ҳам ядро қуролларини фаоллаштириш бўйича буйруқни президент беради. Айрим маълумотларга кўра, бу айнан «ядро чамадони» эмас, балки Франция президенти учун қуролли кучлар раҳбарияти билан махсус алоқа қилиш учун кўп мақсадли терминалдир.

Маълум бўлишича, французча «чамадон»нинг интерфейси ниҳоятда содда — лекин у махсус алоқа терминалидан ташқари, экстремал вазиятларда омон қолиш учун тўпламга ҳам эга.

Буюк Британия

Британия ядро қуроллари фақат сув ости кемаларига ўрнатилган. Ядро қуролларини фаоллаштириш бўйича буйруқ фақат мамлакат бош вазири томонидан махсус кодлар орқали берилади.

Бошқа давлатларнинг «ядро чамадонлари» ҳақида маълумотлар кам.

Тийиб туриш кучлари нима?

Стратегик тийиб туриш кучларининг асосини стратегик ядровий кучлар ташкил қилади. Улар стратегик ядровий тийиб туришга жалб қилинган — бундай ҳолатда ядро қуролига эга бўлган икки давлат ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирига катта миқёсдаги зарар етказишга қодир бўлади.

Стратегик ядровий тийиб туриш — биринчи навбатда Россия ва АҚШ ўртасида — стратегик барқарорликни таъминлайди. Бу ҳолатда дунёда глобал можаро, жаҳон уруши содир бўлмайди.

Стратегик ядровий кучлардан ташқари, тийиб турувчи кучлар таркибига ядровий бўлмаган қуроллар — узоқ масофали юқори аниқликдаги ракета тизимлари киради. Уларнинг қаторига кибернетик кучлар ҳам кириши мумкин, ваҳоланки бу Россия ҳарбий доктринасида тасдиқланмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.