Жиззахда тақиқланган диний материалларни тарқатган 19 ёшли йигитнинг озодлиги 3 йилга чекланди

Улашиш:

Жиззахда тақиқланган диний материалларни тарқатган 19 ёшли йигитга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. У ўзининнг 58 кишилик Telegram-каналида турли ҳил диний мазмундаги материалларни жойлаштириб, танишлари билан муҳокама қилиб келган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида тақиқланган диний мавзудаги материалларни тарқатган 19 ёшли йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўзининг Telegram каналида.

Судланувчи ўзининг телефонида 2020 йилнинг март ойидан буён мунтазам равишда Telegram мессенжери орқали Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган турли ақидапарастлик ғоялари мавжуд маълумотлар билан танишиб келган.

Шундан сўнг, 58 нафар ўзига яқин танишлари ва бошқа шахсларни ўзининг шахсий Telegram-каналига қўшиб турли хил диний мазмундаги материалларни жойлаштириб, муҳокама қилиб келган. Суд залида у қилган ишларидан пушаймонлигини билдириб, кечириб сўради.

Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмагани, судланувчининг оилавий ҳолати ҳамда маҳалладан берилган кафолат хати инобатга олиниб, йигитга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь ойида Техника университети 4-курс талабаси Сардор Раҳмонқулов диний қўшиқларни танишлари орасида тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилганди. Диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғоясига асосланган ушбу нашидани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланади.

Март ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқуловга нисбатан жазони шартли жазо билан алмаштириб, уни синов муддати билан озод қилган.

Шунингдек, майда YouTube`даги нашидани Telegram-гуруҳга юборган 21 ёшли йигит 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Дин ишлари бўйича қўмита нашидада ақидапарастлик ғоялари борлигини маълум қилган. Бироқ воқеа ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Аксарият фуқаролар унга нисбатан тайинланган жазони ўта оғир ва адолатсиз деб ҳисоблади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.