Путиннинг курсиси лиқиллаб қолдими? Германия разведка хизмати раҳбари жавоб берди

Улашиш:

Россиянинг Украинадаги босқинчилик уруши юзасидан рус жамоатчилигининг эътирози кучли экани бор гап, аммо бу сиёсий тизим учун таҳдид муқаррарлигини англатмайди. Президент Владимир Путиннинг ҳокимияти айни пайтда мустаҳкам, деб ҳисоблайди Германия федерал разведка хизмати раҳбари (BND) Бруно Каль.

«Биз Путин тузумида дарз кетиш ҳолатини кўрмаяпмиз», – дейди олмон жосуслик идораси раҳбари 22 май кунги чиқишида.

Унинг фикрича, Россиянинг Украина урушидаги нўноқликлари борасида жамоатчилик эътирозлар билдирмоқда, аммо бу Путиннинг курсиси лиқиллаб қолганидан далолат бермайди.

Германия юқори мартабали мулозимига кўра, Россия аскарларни қайта-қайта сафарбар этган ҳолда урушни давом эттириши мумкин. Бундай шароитда Украина ғалаба қозониши эса Ғарб кўмагига боғлиқдир.

«Россиянинг кучсизлиги, инқирози ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Албатта, заифлик, нўноқлик мавжуд, масалан, қуролли кучлар самарадорлиги борасида. Лекин Ғарб Украинани пухта ташкиллаштирган ҳолда қуроллантириб, қаршилик ҳаракатини шакллантирмас экан, Путиннинг узоқ истиқбол ва сафарбарликка қаратилган стратегияси муваффақият келтириши мумкин», – деб огоҳлантиради Германия федерал разведка хизмати раҳбари.

Сўнгги вақтларда айрим таҳлилчилар Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий юриш ортидан Россияда ҳокимият алмашуви рўй бериши ҳақида ёзмоқда. Баъзи экспертлар эса Путин аллақачон мутлақ ҳокимиятни бой бера бошлагани ҳақидаги фаразни илгари сурмоқда.

Аввалроқ россиялик сиёсатшунос Аббас Галлямов Путин ва унинг хос аъёнлари Украина уруши муваффақиятсиз тугаса, хорижга қочишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Ўз даврида Путин командасида фаолият юритган А.Галлямовга кўра, қочиш операцияси «Нуҳ кемаси» деган рамзий ном билан аталган.

2022 йил ноябрь ойида эса Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов Путинга хавфсизлик гарови эвазига ҳокимиятдан кетиш таклифи берилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Собиқ бош вазир Хитой Путинни ўз ҳимоясига олиши ва унинг хавфсизлигини кафолатлаши мумкин бўлган ягона давлат эканини таъкидлаган.

Украина уруши давомида «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожиннинг нуфузи ошиши ва унинг кескин баёнотлари ортидан Россияда ички сиёсий кураш бошлангани ҳақида тахминлар ҳам ўртага чиқди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.