Президент томонидан имзоланган янги қонунга асосан, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатдан ўтиш (прописка) ҳуқуқи эндиликда ҳар бир фуқарога тааллуқли бўлади. Илгари фақат 12 тоифага кирувчи шахсларгина бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин эди.
Янги тартибда рўйхатдан ўтиш — хабардор қилиш асосида амалга оширилади. Яъни, фуқаро яшаш жойи бўйича давлат органларини хабардор қилиш орқали доимий рўйхатдан ўта олади. Бу ҳужжат 2025 йил 11 октябрдан амалга кириши белгиланган.
Амалдаги тартибда кимларгина пропискага рухсат этилар эди?
Уй-жой мулкдорлари;
Ота-она, фарзанд, ака-ука, опа-сингиллар ва бошқа яқин қариндошлар;
Васийликдаги ва тарбияга берилган болалар;
Президент, парламент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланган ёки тасдиқланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари.
Янги қонуннинг аҳамияти нимада?
Доимий пропискадаги чекловлар тугатилади;
Ижтимоий хизматлар, ишга жойлашиш ва таълим олишдаги муаммолар қисқаради;
Давлат органларига яшаш жойи тўғрисида шунчаки хабардор қилиш кифоя бўлади.
Бу қонун Тошкент шаҳри ва вилоятидаги рўйхатга олиш тизимини фуқаролар манфаатига мос равишда ислоҳ қилишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.