UzAuto Motors 126 млн сўмлик Onix, 179 млн сўмлик Тracker-2 ва 375 млн сўмлик Маlibu-2 сотувини бошламоқчи эди. Хўш, якунда нима бўлди?
UzAuto Motors мунтазам равишда нархларни оширишга уриниб келиши янгилик эмас. Хусусан, жорий йил март ойидан бошлаб “янгиланган” рутбаси билан Мalibu XL автомобилларининг сотуви бошланди.
Компания расмий хабарида келтирилишича, Мalibu XL 3 хил комплектацияда (XL 1LT – 375 млн; XL 2LT –390 млн; XL LTZ – 419 млн сўм) сотувга чиқарилиши керак эди. Амалда эса фақатгина эски Malibu-2'дан катта фарқ қилмайдиган 419 млн сўмлик Malibu XL сотувда пайдо бўлди.
Маълумот учун, Мalibu XL ўтган йили Хитойда ўша пайтдаги курс бўйича 25 минг 750 доллардан сотувга чиқарилган.
Бу каби кўзбўямачиликлар фақат Malibu'дагина кузатилган эмас. Масалан, 2022 йилнинг 1 ноябридан шартнома бериш бошланган Chevrolet Onix дастлаб 126,5 млн сўмдан 189,9 млн сўмгача (15 фоизлик ҚҚС билан қўшиб ҳисоблаганда) нархларда таклиф қилинганди.
Энг арзон комплектация (126,5 млн сўмлик) рўйхатда бўлса-да, сотувга чиқарилмади. Ўшанда гўёки энг арзон комплектацияни олмоқчи бўлган харидорлар ариза бериши, агар етарли таклиф тўпланса (етарли деганда қанча ариза назарда тутилаётгани номаълум), кейин компания бу позицияни ишлаб чиқариш ёки чиқармасликни ўйлаб кўришини келтириб ўтганди. Лекин бу позициядаги автомобил учун қанча ариза келиб тушгани бўйича ҳеч қандай расмий маълумот берилмади ва унақа арзон комплектация сотувга ҳам чиқарилмади.
Ажабланарли жиҳати, сотувлар бошланганидан бироз муддат ўтгач, Onix’нинг 149 млн сўмлик, 155 млн сўмлик, 159 млн сўмлик ва 185 млн сўмлик моделлари ҳам сотувдан олиб ташланди.
Алалоқибат, 9-12 минг доллар оралиғида сотувга чиқарилиши ваъда қилинган Chevrolet Onix баҳоси 18 минг долларгача шиширилди. Чунки феврал ойининг охиридан кейинги даврда компания расмий дилерлик марказларидан фақатгина Onix'нинг 207 млн сўмлик Premier 1 модели ва ундан нархи баланд комплектациялари учун шартнома олиш мумкин эди холос.
Май ойининг бошида эса Onix учун шартномалар бериш бутунлай тўхтатилди. Компания расмий хабарига кўра, 25 майдан бошлаб бу жараён қайта тикланади. Аммо қуйида келтирилган моделлар учунгина контрактация тузиш мумкин:
- Onix Premier 1 (207 млн сўм);
- Onix Premier 2 (қарийб 215 млн сўм);
- Chevrolet Onix Premier Plus вa Redline (нархи очиқланмаган).
Ўзини “автогигант” деб атовчи компания шартнома учун очиқ бўлган аввалги комплектацияларнинг нархи ўзгаришсиз қолдирилишини иддао қилаётган бўлса-да, 25 майдан бошлаб 159 млн сўмдан 185 млн сўмгача нархланган 4 хил моделнинг ўзи сотувга чиқарилмайди. Яъни бюджет автомобил бўлиши ваъда қилинган Onix'нинг баҳоси сунъий дефицит ва турли хил ўйинлар билан 207 млн сўмгача оширилади.
Катта эҳтимол билан, сентябр ойидан сотуви бошланиши ваъда қилинаётган Chevrolet Onix Premier Plus вa Redline моделлари учун ҳам нархлар яна оширилади.
Гўёки истеъмолчиларга нархларни арзонроқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилувчи автокомпания янгиланган Chevrolet Tracker сотуви бошланганида ҳам юқоридаги схемадан фойдаланган. Ҳар доимгидек, 179 млн сўмлик бошланғич комплектация сотувга чиқарилмади.
Эътиборга молик жиҳати, UzAuto Motors ўз расмий саҳифасида янги моделлар нархини ҚҚСсиз келтириб ўтади. Буни автомобиллар нархини нисбатан арзон қилиб кўрсатишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Чунки ҚҚС жорий йилнинг 1 январидан эътиборан 15 фоиздан 12 фоизга пасайди, лекин компания нархни туширгани йўқ. Ваҳоланки, UzAuto Motors янги Оnix модели нархларини эълон қилганида, нархларни ҚҚСсиз кўрсатган эди. Харидорлар қанча тўлаши кераклигини ўша кўрсатилган нархни 15 фоизга кўпайтириб ўзлари ҳисоблаб олишига тўғри келганди.
Ишлаб чиқариш сезиларли қисқарган
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг январ – апрел ойларида 83,5 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган.
- Cobalt – 27 739 дона (қисқариш – 3,3 фоиз);
- Lacetti-Gentra – 20 673 дона (қисқариш – 21,4 фоиз);
- Damas – 19 052 дона (қисқариш – 19 фоиз);
- Тracker – 3 618 дона;
- Оnix – 3 104 дона;
- Nexia Т-250 – 1 985 дона (қисқариш – 72,4 фоиз);
- Spark – 187 дона (қисқариш – 95,3 фоиз);
- Махсус енгил автомобиллар – 7 194 дона (ошиш – 38,4 фоиз).
Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида Ўзбекистонда 95 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Яъни ўтган бир йил ичида ишлаб чиқариш 11,5 мингтага камайган.
Ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 минг донага, келгусида эса миллион донага етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган монопол автокомпаниянинг ўтган 4 ой ичида баландпарвоз ваъдалар билан сотувини бошлаган Оnix ва Тracker'дан атиги 6700 дона ишлаб чиқаргани ҳам алоҳида “эътироф”га сазовор.
Қозоғистонликлар учун бор Cobalt ўзбекистонликлар учун йўқ
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, ишлаб чиқариш кескин қисқарганига қарамай, UzAuto Motors четга автомобил экспорт қилишни давом эттирмоқда.
“Масалан, январ-апрел ойларида 27 739 та Cobalt ишлаб чиқарилган бўлса, шу даврда Қозоғистонда 10 627 та Cobalt сотилган. Ишлаб чиқариш тўхтатилган деб эълон қилинган бўлса-да, 1985 та Nexia-3 ишлаб чиқарилган, лекин Қозоғистонда 2 728 та Nexia-3 сотилган. Яъни ўтган йили ишлаб чиқарилиб, эҳтимолки, яширин омборларда тузлаб қўйилган Nexia-3'лар ҳам Қозоғистонга кетган.
Цинизмнинг олий чўққиси шуки, ўзбекистонликларга Nexia-3 учун контрактация ўтган йили сентябрда, Сobalt учун эса декабрда тўхтатилган. Бир дона ҳам Nexia-3 ва Cobalt ишлаб чиқарилмаган қаҳратон январда Қозоғистонга эҳтимолки, тузлаб қўйилган омборлардан етказилган уч мингдан зиёд шу русумдаги автомобиллар сотилган. Қойилмисиз?
[...] Қозоғистонда январ, феврал, март ва апрелдаги автомобиллар сотувига қаранг, танлов ва рақобат кенглигига эътибор қаратинг. Шуларнинг ҳаммасига ўзбекистонликлар ҳам ҳақли аслида, лекин ўта тор ва юқори даражада коррупциялашган манфаатлар учун бутун бошли халқ бошқа муҳим танловлардан маҳрум қилингани сингари автомобил танловидан ҳам маҳрум этилган”, дея ёзади Отабек Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабр ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузиш тўхтатилган эди. Қарийб 6 ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, қисман Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ушбу автомобиллар сотуви қачон очилиши борасида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, бу моделлар учун шартнома бериш очилмаётганига компаниянинг мамлакатдаги сиёсий тадбирлар туфайли нархларни ошира олмаётгани асосий сабаб бўлиши мумкин.
Умуман олганда, UzAuto Motors автомобил импортига ўрнатилган тўсиқлар билан ҳимоя қилиб келинади. Одамлар бошқа, арзонроқ ва сифатлироқ танловлардан сунъий равишда маҳрум қилинган. Ташқаридан автомобил олиб кириш учун эса олиб кирилаётган машина нархининг тенг ярмига яқин бож тўлови жорий қилинган. Лекин импортга тўсиқлар фақат божлардан иборат эмас: сертификатлаш ва бошқа ғовлар ҳам бисёр.
Достон Аҳроров