Навоийдаги 31 та коннинг хорижликларга сотилгани ҳақидаги хабар рад этилди

Улашиш:

«Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси «Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилди» деган хабарга расмий муносабат билдирди ва уни асоссиз деб топди.

Маълумотга кўра, жорий йил феврал ойида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 31 та ер қаъри участкаси «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сотилган. Ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқи 25,1 миллиард сўмга расмийлаштирилган.

Қонунчиликка мувофиқ, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар ёки мамлакат фуқароларига берилади. Электрон аукцион натижаларига кўра, 12 та маҳаллий масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ғолиб деб топилган. Ушбу компанияларнинг айримлари тўлиқ Ўзбекистон фуқароларига тегишли бўлса, баъзиларининг таъсисчилари орасида хорижликлар ҳам бор. Бироқ бирорта ҳам компания тўлиқ хорижий, жумладан, хитойлик инвесторларга тегишли эмас.

Масалан, ғолиблар қаторидаги «Xinlong Mining Drilling» МЧЖнинг асосий таъсисчиси (70%) ва «Zhonghuitong Mining» МЧЖ таъсисчисининг 97,6% улуши Ўзбекистон фуқароларига тегишли.

Раддияда таъкидланишича, сотилган ер қаъри участкалари тадбиркорларга фақатгина фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини беради. Ушбу рухсатнома 3 йил муддатга берилади ва ерга эгалик ҳуқуқини назарда тутмайди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига олтин изловчилар усулида қазиб олиш жараёнида бузилган ерларни тиклаш ва қайта фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.

Қолаверса, аукционда ғолиб чиққан компаниялар ходимларининг камида 70 фоизи Ўзбекистон фуқароси бўлиши шарт этиб белгиланган.

Масъул идораларнинг қайд этишича, бундай участкаларда саноат миқёсида қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди, шу сабабли улар тадбиркорларга сотилади. Ушбу жараён маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишга, янги технологияларни киритишга ва иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.