Киев ва Москвага уюштирилган дронлар ҳужумлари ҳақида нималар маълум

Улашиш:

30 майга ўтар кечаси Россия Эроннинг Shahed-136/131 зарба берувчи дронлари билан яна Киев ва Киев вилоятига ҳужум қилди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия армияси жами 31 та камикадзе учувчисиз учиш аппаратларнии учиргани, Украина ҳаво мудофааси улардан 29 тасини йўқ қилганини билдирди.

Ушбу ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлди, яна 13 киши жароҳат олди — Киевда 9 ва вилоятда 4 киши, дея хабар берди Миллий полиция. Ҳаводаёқ уриб туширилган УУАларнинг қолдиқлари эса автомобиллар, бинолар ва турар-жой биноларига зарар етказган.

Киев вилоятида уйлар, квартиралар, офис бинолари, дўконлар, гаражлар ва автомашиналарга зарар етказилгани ҳақида 50 дан ортиқ шикоятлар қайд этилган.

Киевга қилинган жорий ҳаво ҳужуми май ойи бошидан бери кетма-кет 17чи ва охирги икки кун ичида учинчиси бўлди. 29 май куни тушдан кейин Россия Киевга 11 та қанотли ва баллистик ракеталарни учирди. Уларнинг барчаси уриб туширилди.

«Шаҳидлар» ҳужуми оқибатлари

дронлар, киев, москва, украина-россия уруши

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати.

дронлар, киев, москва, украина-россия уруши

Фото: Киев мэри Виталий Кличконинг Telegram канали.

Москвага дрон ҳужуми

Киевнинг оммавий ўққа тутилиши фонида кетма-кет учинчи кун, 30 май санаси эрталаб Москвага ҳам учувчисиз самолётлар томонидан ҳужум уюштирилди. РФ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужумда саккизта дрон иштирок этган, улардан бештаси уриб туширилган, яна учтаси радиоэлектрон уруш воситалари ёрдамида ушлаб қолинган. Россия оммавий ахборот воситалари 25 дан 32 тагача дрон сонини келтирди.

«Вёрстка» маълумотларига кўра, дронларнинг асосий йўналишлари Москва вилоятининг ғарбий ва Москванинг жануби-ғарбий қисми бўлган. Дронлар Россия элитаси яшайдиган уйлар ва давлат қароргоҳлари жойлашган Рублевский ҳамда Илйинский шосселари ҳудудларида кузатилган.

Гувоҳлар ижтимоий тармоқларда Одинцово, Барвиха, Красногорск ва Москва яқинидаги бошқа жойларда портлашлар ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари олиб борилгани акс этган видеоларни жойлаштирган.

Камида учта дрон турар-жой биноларига зарба берди, улардан бирида портламаган портловчи қурилмалар бириктирилган.

Москва мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, дронлар ҳужуми натижасида «бир нечта бинолар кичик зарар кўрган» ва «ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган».

Бу Москвага биринчи дрон ҳужуми эмас. 3 майга ўтар кечаси Кремлдаги Сенат саройи гумбази устида иккита дрон портлаганди.

Кремлнинг муносабати

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумини Киевнинг Москва Украинадаги «қарор қабул қилиш марказларидан бирига» берган зарбасига жавоби деб атади.

«Гап қарор қабул қилиш марказларидан бири бўлган марказга берган жуда самарали зарбаларимизга Киев режимининг жавоби ҳақида кетаётгани аниқ. Мазкур зарба якшанба куни амалга оширилди», — деди Кремль вакили (РИА Новости келтирган иқтибос).

Кейинроқ Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи ҳам вазиятга изоҳ берди. У Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «штат режимида, қониқарли» ишлагани ҳамда Киев РФни жавоб ҳаракатларини амалга оширишга ундаётганини таъкидлади. Путиннинг сўзларига кўра, Россия бир неча кун олдин зарба берган қарор қабул қилиш маркази гўёки Украина ҳарбий разведкаси штаб-квартираси бўлган.

Украина расмийларининг муносабати

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаило Подоляк Breakfast Show дастури эфирида Москва ва Москва вилоятига учувчисиз самолёт ҳужумини шундай дея изоҳлади:

«Биласиз, биз сунъий интеллект даврига қадам қўймоқдамиз. Эҳтимол, ҳамма дронлар ҳам Украинага ҳужум қилишга тайёр эмас ва ўз яратувчиларига қайтишни ҳамда ҳақли равишда: «Нима учун бизни Украина, Киев ва бошқа жойларга (уриш учун) юборяпсиз?, деган саволлар беришни хоҳлайди».

Журналистнинг ушбу ҳужумга Украинанинг алоқаси борми деган тўғридан-тўғри саволига Подоляк шундай дея жавоб берди: «мамлакат нима бўлаётганини завқ билан кузатмоқда» ва ҳужумлар сонининг кўпайишини башорат қилмоқда, аммо Киев «албатта, бунинг бевосита алоқаси йўқ» уларга".




2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.