News time: ОИВ юқтирган 48 минг ўзбекистонлик, ёпиқ бинодаги тест синови ва таъмагир альфонс

Улашиш:

«Юксалиш» қийноқларга барҳам беришга қаратилган 10 та таклиф ишлаб чиқди

Ички ишлар органлари ходимлари қўлида навбатдаги қўлга олинган шахс вафот этиши ортидан «Юксалиш» ҳаракати ички ишлар идораларида қийноқларга барҳам бериш мақсадида 10 та таклиф ишлаб чиққанини эълон қилди. Унда қийноқ ҳолатлари юзасидан ИИВ раҳбарияти жамоатчиликка батафсил ахборот бериши, ички ишлар органларига ишга қабул қилиш ислоҳ қилиниши каби таклифлар жой олган.

ИИБ биносида тергов қилинаётганда 4-қаватдан сакраб вафот этгани айтилган 21 яшар йигит ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Жиноят иши доирасида Ҳафизуллоҳ Турғуновнинг вафот этишида туман ИИО ФМБ мансабдор шахслари ҳаракатларида жиноят аломатлари борлигига аниқлик киритилади.

Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ шахсда ОИВ касаллиги аниқланган

Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда республикада 48 мингдан ортиқ шахсда ОИВ касаллиги аниқланган.

Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда

Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълумот берди.

Агентлик хабарига кўра, 2023 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда 361 735 та тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган.

Шундан:

— ўғил болалар – 187 549 нафар;
 — қиз болалар – 174 186 нафар.

Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатганини маълум қилди

Қашқадарё вилоятига оид воқеа-ҳодисаларни ёритиб борувчи Nasafnews.uz нашри ҳамда блогерлар – Мақсуд Музаффаров, Отабек Артиков, Умид Каримов, Азизбек Яздурдиев ва Ўролжон Камолов фаолиятини тугатганини эълон қилишди. Улар бундай қарорга келишларига суддаги адолатсизлик сабаб бўлганини айтишди.

Блогерларнинг айтишича, фаолиятларини тўхтатишга ундаган қарор яқинда бўлиб ўтган суд ва тайинланган жазо билан боғлиқ. 29 май куни Умид Каримов ва Мақсуд Музаффаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, 5 суткага қамалганди.

Тест синовлари ёпиқ биноларда ўтказилиши муносабати билан тест вақти ҳам ўзгаради.

 Аввалги йилларда имтиҳонлар стадион ва хиёбонларда ўтказилгани сабабли 1-смена соат 07:00 дан 10:00 гача, 2-смена эса 19:00 дан 22:00 гача ўтказилган. Чунки бошқа пайтда кун жуда иссиқ бўлган.

 3 йиллик танаффусдан кейин тест синовлари яна ёпиқ биноларда ўтказилаётганлиги сабабли, энди бунақа вақтли ва кеч имтиҳон ўтказишга эҳтиёж йўқ. 

Шу сабабли, худди 2018–2019 йилларда бўлгани каби тест синовларида 1-смена соат 08:00 дан, 2-смена эса 15:00 дан бошланиши режалаштирилган. 

Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинган.

Абитуриентларга имтиҳон жавоблари чиққандан кейин йўналиш танлаш имкони берилиши мумкин

Кейинги ўқув йилларидан абитуриентларга ҳужжат топшираётганда эмас, имтиҳонга кириб, тест натижалари чиққандан кейин йўналиш танлаш имконияти берилиши мумкин. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири мазкур тартиб устида иш бошланганини айтди.

Вазирнинг изоҳ беришича, бундай тартибга эҳтиёж абитуриентлар имтиҳонга яқин қолганда фикрини ўзгартириб, йўналишини ўзгартиришни сўраб қолиш ҳолатлари кўпайгани сабаб юзага келган.

Тошкентдан Чорвоққа автобус қатнови йўлга қўйилди

Ушбу йўналишда йўлкира нархи 15 000 сўм этиб белгиланган.

Пойтахтдан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига («Чорвоқ» эркин туристик зонасига) график асосида қатновчи автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, автобуслар «Машинасозлар метро бекати – Чорвоқ» йўналишида ҳар куни учта график асосида ҳаракатланади. Қатнов масофаси 75 км бўлган йўналишда йўловчилар белгиланган манзилга 1 соат 10 дақиқада етиб боради. 

Жиззахда севган қизининг уятли расмларини интернетда тарқатиш билан қўрқитган йигит қўлга олинди

Йигит қизнинг уятли видео ва фото тасвирларини Теlegramʼдаги каналларда тарқатмаслик эвазига ундан 800 доллар талаб қилган.

Жиззах шаҳрида яшовчи қиз ИИБга мурожаат қилиб, севган йигити унинг яланғоч ҳолдаги видео ва фото тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдирган.

Тезкор тадбирда йигит қиздан келишилган 800 долларнинг бир қисми сифатида берилган 4 млн сўм пулларни олган вақтида ушланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.