Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги иқтидорли хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида «Зулфия» номидаги Давлат мукофотини янги — тиббиёт (медицина) йўналишида ҳам тақдим этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан эълон қилинган Президент фармони лойиҳасида қайд этилган.
Лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида тиббиёт соҳасида алоҳида ютуқларга эришган, илмий ва амалий ишланмалар яратган иқтидорли хотин-қизларни ушбу нуфузли мукофот билан тақдирлаш йўлга қўйилади.
Ҳужжатда 1999 йил 10 июнда қабул қилинган ПФ-2326-сонли Фармонга тегишли ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, мукофотни тақдим этиш билан боғлиқ харажатларнинг молиялаштириш манбаларини белгилаш масалалари ҳам ўз аксини топган.
Шу билан бирга, Оила ва хотин-қизлар қўмитасига уч ой муддатда ушбу фармондан келиб чиқадиган қонунчилик ўзгаришлари ва қўшимчалар бўйича Ҳукуматга таклифлар тайёрлаб киритиш вазифаси юклатилмоқда.
Маълумот ўрнида, мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 1–2 май кунлари Хоразм вилоятига амалга оширган ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида тайёрланган 25-сонли Баённинг 87-банди ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган.