«BBC World News» телеканалида Ўзбекистон туризмига бағишланган тарғибот кампанияси бошланди

Улашиш:

Жаҳоннинг етакчи телеканали «BBC World News» томонидан бутун дунё сайёҳларининг катта аудиториясини ўзида жам қилган «The Travel Show» ҳафталик теледастури орқали Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус кўрсатувлар тез орада эфирга узатилади.

Дунё бўйлаб 200 дан ортиқ мамлакатлар ва ҳудудларда жами 450 миллиондан ортиқ аудитория кузатиб борувчи «BBC World News» телекомпанияси билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳага кўра, «The Travel Show» ҳафталик теледастури доирасида махсус Ўзбекистонга бағишланган 23 дақиқалик телекўрсатув оммага ҳавола этилиши режалаштирилган.

Шу кунларда «BBC World News» телеканали эфирларида реклама сифатида 2 ва 4 дақиқалик модуллар (Ўзбекистон ҳақидаги тўлиқ теледастурдан парчалар) намойиши бошланди.

Бундан ташқари телеканалнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Ўзбекистон ҳақидаги «The Travel Show» дастурининг махсус сонини тарғиботи амалга оширилмоқда.

«BBC World News» телеканалида Ўзбекистон ҳақида тўлиқ метражли 23 дақиқалик махсус кўрсатув премьерадан ташқари 4 ой давомида такроран 4 маротаба эфирга чиқиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур телекомпания томонидан «Travel Show Uzbekistan Special» кўрсатуви ҳам тайёрланган бўлиб, кўрсатув давомида томошабинлар учун Ўзбекистон бўйича қимматли маълумотлар тақдим этилади.

Шунингдек, «BBC Travel» ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон ҳақидаги «Travel Show» дастурининг махсус сони эфирга узатилишидан аввал доимий равишда тарғиб қилинади. Дастур материаллари билан онлайн видео парчалар «BBC Travel Show» дастури саҳифасида, «BBC News» онлайн ва «BBC Reel»да эфирга узатилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.