“Гулсанамга у саҳнанинг эгаси борлигини айтганман” — Отабек Муҳаммадзоҳид

Улашиш:

Отабек Муҳаммадзоҳид “MY5” телеканалининг Амирхон Умаров шоусида иштирок этиб, кўплаб саволларга жавоб берди.

Мен уйда туғилишни афзал кўриб, туғуруқхонага ҳам етиб бормаган эканман. Шу боисданми, билмадим, Фарғонани ҳеч қаерга алмашолмайман. Тошкентга келиб, ишим битиши билан об-ҳаво ноқулай бўлса-да, ўша куниёқ ортимга қайтаман. Тошкентга кўчиб келолмаслигимнинг сабаби — ёлғиз ўғил фарзанд эканлигим билан ҳам боғлиқ. Фарғонада онамнинг дўст-биродарлари, қариндош-уруғлари кўп. Тошкентга кўчиб келсак, мен ўзимга дўст-биродар топиб олишим мумкин. Аммо 70 ёшдан ошган онам бунга қийналади, — дейди Отабек Муҳаммадзоҳид.

Ўттиз йилдан буён катта саҳнада ижод қилаётган Отабек Муҳаммадзоҳиднинг нега бирорта унвони йўқ. Журналистнинг бу саволига хонанда қуйидагича жавоб берди.

Ҳар нарсанинг ўз вақт соати бор. Шу кунгача унвон учун интилган хонанда эмасман. Уни олиш учун давлат тадбирларида фаол бўлиш керак, дейишади. Тан оламан, 30-40 ёшлар оралиғида давлат тадбирларидан кўра тўйларни афзал кўрган пайтларим бўлган. Аммо пулнинг ортидан қувмаганман, шунчаки 2-3 ой аввал бўш кунимга қараб тўй кунини белгилаган одамларни ранжитгим келмаган, — дейди хонанда.

Амирхон Умаровнинг “Бир муддат Гулсанам Мамазоитова давлат тадбирларининг якуний қўшиқларини ижро этди ва бу ишни аввал қилганларга бу ёқмади” деган фикрига Отабек Муҳаммадзоҳид ўз муносабатини билдирди. 

Фото: “Дарё” 

— Ўзбекчиликда битта кўйлак ортиқроқ кийган инсоннинг ҳам ҳурмати жойига қўйилади. Ҳақиқатан ҳам шундай давр бўлдики, устозларимиз маълум сабабларга кўра саҳнадан четлатилганда давлат тадбирларининг якуний қўшиқларини куйлаш учун Гулсанам танланди. Ўша вақтда ҳам Гулсанамга “Бу жойнинг эгаси бор, сен вақтинчалик шу ишни қиляпсан”, деб уқтириб келганмиз. Нима ҳақида гапираётганимни яхши тушуниб турибсизлар. Шу боис у инсон саҳнага қайтганидан сўнг Гулсанамнинг дили заррача оғригани йўқ. 1998 йили “Юлдузлар ёғдуси”да “Малласоч” қўшиғи билан халқ назарига тушиш имкониятимни ҳам ўша устоз яратиб берган. Биз ўтган кунимизни эсдан чиқармаймиз, — дейди Отабек Муҳаммадзоҳид.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.