Келгуси етти йилда Жиззахда 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади

Улашиш:

Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда таълимни ривожлантиришга оид режалар ҳақида тўхталди.

“400 та янги боғча ташкил этиш ҳисобига, вилоятда мактабгача таълимга эҳтиёж тўлиқ – 100 фоизга қопланади. 2030 йилга қадар, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг қувватини ошириш, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 75 минг ўқувчи ўрни яратилади. 

Натижада, бирорта туманда 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфлари қолмайди. Бунда, барча мактаблар замонавий компьютер синфи, интерактив доска ва ўқув лабораторияси билан жиҳозланади”, — деди номзод.

Шунингдек, барча боғча ва мактабларда ўғил-қизлар учун филтрланган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилиши айтилди.

Бундан ташқари, номзод келгуси етти йилда Жиззахда 85 та тиббиёт муассасаси қурилиши ва таъмирланишини таъкидлади.


“Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари ишга туширилади. Ғаллаорол ва Пахтакорда туманлараро перинатал марказлар очилади.

Бундан ташқари, вилоятда болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилади. Бунинг ҳисобига, ҳар йили 500 нафардан зиёд юрак нуқсони бор болаларда мураккаб операсиялар ўтказилади”, – деди номзод.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.