Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашувда 2030 йилга қадар 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилишини айтди.
“Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига эътиборни янада кучайтирамиз. Келгуси йилда Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувурни тортиш ҳисобига, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг сув таъминоти тубдан яхшиланади.
Сув таъминоти оғир бўлган 100 та маҳаллада 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ўтказилади. Натижада, 320 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Умуман, 2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етади”, – деди номзод.
Бундан ташқари, Жиззахда автомобилсозлик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, жами 700 миллион долларлик инвестисия киритилади.
Хусусан, Хитой компаниялари билан:
- 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига яна 50 мингта автомобиллар ишлаб чиқариш бошланади;
- 130 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва келгуси йилларда қуввати 300 минг донага етказилади.
Шунингдек, Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда, 235 миллион долларлик лойиҳа доирасида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 200 минг донага етказилади.