Икарди ўрнига Шомуродов!

Улашиш:

Оғир ўтган мавсумдан кейин ҳордиқ чиқараётган Элдор Шомуродов шу ёз ичи келаси мавсумда қаерда тўп тепишини ҳал қилиб олиши талаб этилади.

Легионеримизнинг “Рома” билан ўзаро шартномаси 2026 йилнинг ёзигача давом этади. Бироқ, келаси мавсум Жозе Моуриньо гол ура олмаётган ҳужумчига бошланғич таркибдан жой кафолатлашига ҳеч ким ишонмаса керак.

Қолаверса, римликлар спорт директори Тьягу Пинто анчадан бери Элдорни бошқа жамоаларга тўлиқ трансфер қилиб юбориш пайида юрибди.

Шомуродов ярим мавсум ижарада ўйнаган “Специя”да тўпурарлик маҳоратини намойиш қила олганида “Рома”да унга яна имконият берилишига умид қилса бўларди. Мавсум давомида чемпионатда атиги битта тўп киритган ҳужумчини ҳозирча А Сериянинг бирорта жамоаси сўраб, мурожаат қилгани йўқ.

Бир йил муқаддам вазият тамоман бошқача эди. Шомуродовни Италия, Англия, Германия, Франция, Испания, Россия, Туркия, Саудия Арабистони каби мамлакатлар клублари ўз сафига чорлаганди.

Хозирча, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорига Туркия ва Грециядан таклифлар тушгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Грециянинг ПАОК клуби анчадан бери ўзбек ҳужумчисига кўз тикмоқда. Бироқ, трансфернинг молиявий томонлари грекларга оғирлик қилмоқда.

Туркиядаги манбалардан бири –  www.fotospor.com сайти “Галатасарой” нега айнан Элдор Шомуродовга қизиқиш билдираётганига изоҳ берди.

“Галатасарой”нинг якунланган мавсумда Туркия чемпионлигини қўлга киритишида ПСЖдан ижарага олинган таниқли ҳужумчи Мауро Икардининг хизмати катта бўлди. Аргентиналик ҳужумчи 24 та учрашувда рақиблар дарвозасини 22 маротаба ишғол қилди ва етти марта жамоадошларини голли пас билан таъминлади.

Икардининг турклар билан шартномаси якунланди. Ҳозир, тажрибали тўпурар учун Италиядан яхши вариантлар чиқмоқда. Хусусан, унга оғиз солаётган клублар орасида Шомуродовнинг “Рома”си ва Златан Иброҳимовични пенсияга кузатган “Милан” бор.

Турк клуби Икарди ўрнига Шомуродовни олиб келишни кўзлаяпти.

- “Галатасарой” туркий мамлакатлар фуқароларининг Суперлигада легионер саналмаслиги тўғрисидаги қоидадан унумли фойдаланмоқчи. Клуб раҳбарияти Шомуродовни олиб, унинг ёнига Мауро Икарди даражасидаги яна бир таниқли легионерни трансфер қилишни режалаштирмоқда, - деб ёзди www.fotospor.com сайти.

Таъкидлаш жоизки, “Галатасарой” бош мураббийи Окан Бурук ҳужумчимиз маҳоратини юқори баҳолаб келади. Бу мутахассис ўтган йили ёзда ва жорий йилнинг январь ойидаги трансфер ойнаси даврида ҳам Элдор Шомуродовни қўлга киритишга ҳаракат қилганди.

Бироқ, Элдор Шомуродов А Серияда қолиш илинжида бошқа мамлакатлардан бўлган таклифларни кўриб чиқмаганидан хабарингиз бор.

Демак, ёздаги трансфер ойнаси ҳам Шомуродов учун алоҳида аҳамият касб этади. Бу масала ҳал бўлгунга қадар Элдор атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.