Тез орада эълон қилинадиган трансферлар!

Улашиш:

Трансфер бозорида бир нечта харидлар амалга ошиш арафасида турибди. Мисол учун, Андре Онананинг Англияга йўл олиш эҳтимоли юқори. "Интер" эса унинг ўрнига дарвозабон топиб қўйган. Куадрадо Италиянинг бошқа клубига ўтаётган бўлса, "Барселона" ўз таркибига ярим ҳимоячи қўшиб олмоқда. Шунингдек, "Ан-Наср" ҳам тез орада яна битта трансферни эълон қилиши кутилмоқда. Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Андре Онана - "Манчестер Юнайтед"

"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Эрик Тен Хаг дарвозабон масаласини узоқ ўйлади. Мавсум якунланганидан кейин Давид Де Хеа қолиши ҳам мумкин эди. Аммо музокаралардан сўнг кетишга қарор қилди. Шу сабабли, клуб янги посбон сотиб олишга ҳаракатни бошлади. Аслини олганда, янги дарвозабон олиб келиш фикри аввалроқ пайдо бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда миш-мишлар йўқ эмас. Вариантлар орасида доимо Андре Онана фаворит бўлиб турди. У "Аякс"да Тен Хаг билан бирга ишлаган ва нидерландиялик мутахассис унга яна ишонч билдирди.

Ўзининг собиқ шогирдларини МЮга олиб келишда давом этаётган Тен Хаг Андрени ҳам ўз жамоаси сафида кўришни истади. Мазкур трансфер "Манчестер Юнайтед"га умумий 55 миллион еврога тушди. Футболчи билан 2028 йилнинг ёзига қадар амал қиладиган шартнома борасида келишиб олинди. Музокаралар якунланган. "Интер" Онанани қўйиб юборишга тайёр. У айни дам АҚШда бўлиб турган таркибга қўшилиб олиши кутилмоқда. Расмий хабар эса ҳафта охирида чиқиши мумкин. Италиядаги манбаларга кўра, Онана миланликлар билан хайрлашишга ҳам улгурди.


Янн Зоммер - "Интер"

Онана кетганидан кейин унинг ўрнини "Бавария" вакили Янн Зоммер билан тўлдиришга қарор қилган "Интер" бу трансферни якунлашга жуда яқин турибди. Маълум бўлишича, миланликлар Германия клубига 6 миллион евролик таклиф юборади. Ҳали томонлар тўлиқ келишиб олмаган. Футболчи билан неча йиллик битим тузилиши очиқланмади. Аммо 34 ёшли посбон "Интер"га ўтишга тайёр ва "Бавария" ҳам унга чиқиш эшикларини кўрсатгани аниқ. Сабаби, немис жамоаси Мамардашвилини ўз таркибига қўшиб олишга уринмоқда. Бундан ташқари, Мануэль Нойер сафга қайтди. У жамоанинг биринчи рақамли посбони бўлишига шубҳа йўқ. Зоммер эса захирада кўп ўтиришни истамади. Мюнхенликлар таркибига қишда келган Янн эндиликда Италия томон йўл олмоқда.


Хуан Куадрадо - "Интер"

Ёзги трансферлар ойнасида кўп ҳаражат қилишни ёқтирмайдиган "Интер" ўз услубига содиқ қолмоқда. Жамоа бу ёзда харидлар учун кичик пуллар сарфлаб, таркибни кучайтиришда давом этади. Миланликлар 8 йиллик фаолиятидан кейин "Ювентус" билан хайрлашиб, эркин агентга айланган Хуан Куадрадони олиб келишга яқин турибди. Асосан қанот ҳимоясида ҳаракат қиладиган футболчи клуб билан 2024 йилгача амал қиладиган шартнома борасида келишиб олди. Аввалроқ, Куадрадога Саудия Арабистонидан таклифлар борлиги ҳақда миш-мишлар тарқалганди. Аммо у "Интер"ни танлагани маълум бўляпти. Хуан катта эҳтимол билан, кейинги ёзда Европани тарк этиши мумкин.


Секо Фофана - "Ан-Наср"

"Интер"дан фарқли ўлароқ ўз таркибига юлдузларни қўшиб олаётган "Ан-Наср" тез орада яна бир трансферни эълон қилиши кутилмоқда. Клуб "Ланс"дан Секо Фофанани 30 миллион еврога сотиб олишга яқин. Шахсий шартлар келишиб олинган. Томонлар ўртасида ҳам музокаралар ўз ниҳоясига етган. "Ленс" уни 30 миллион еврога сотишга тайёр. Аммо "Ан-Наср"нинг Аҳмад Муса билан бўлган воқеаси сабаб бу трансфер бироз кечикмоқда. Риёдликлар ҳаммасини ҳал қилганидан кейин Фофанани расман ўз футболчиси сифатида таништиради. Секо ярим ҳимоячи ҳисобланади. У ёзда Франция клубини тарк этиб, каттароқ жамоага боришни мақсад қилганди. Аммо кутилмаганда Саудиядан келган таклифга (икки баробар кўпроқ маошга) йўқ, дея олмади ва фаолиятини Роналду билан бирга давом эттиришга қарор қилди.


Ориол Ромео - "Барселона"

Серхио Бускетс ўрнини "Барселона" каттароқ ном билан тўлдирилиши кутилганди. Бироқ, каталонияликлар "Интер" йўлидан кетди, яъни "Жирона"дан Ориол Ромеони сотиб олмоқчи. Аслини олганда, 31 ёшли ярим ҳимоячи 2010-2011 йилларда "Барса" сафида тўп сурган. Ўша пайтда Бускетс таркибнинг асосий таянч ярим ҳимоячиси ҳисобланган. Испаниялик футболчи эса захирада кўп ўтириб қолгани сабабли, "Челси"га ўтиб кетганди. Хави уни ортга қайтаришга қарор қилди. Футболчилик фаолияти давомида кам вақт бўлсада бирга ўйнаган хавбеклар энди устоз-шогирдга айланди. Ромео сўнгги икки йилда "Жирона"да 34 та ўйинда майдонга тушган.

Энг қизиқарлиси, у бирор марта жароҳат олмаган. Нима бўлганда ҳам бу футболчини Хави яхши танийди ва у Ориолдан қандай фойдаланишни билади. Ромеонинг "Барса"га ташрифи клубга 4,5 миллион еврога тушади. Шунингдек, шартномада Пабло Торре ижара асосида "Жирона" сафига ўтиш банди ҳам бор. Ромео айни дам "Барса" учун тиббий кўрикдан ўтишга тайёр. У жамоаси билан машғлуотларда қатнашмаяпти.

Тез орада эълон қилиниши мумкин бўлган трансферлар яна бир нечтани ташкил қилади. Айнан бу ерда ҳам улар ҳақда маълумотлар бор. Саудияга йўл олган футболчилар яқин орада янги клубига кўчиб ўтиш эҳтимоли юқори.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.