Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий фойдали дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилишида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳа нодавлат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағи олиш ҳамда грант лойиҳаларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришни назарда тутади.
Лойиҳа билан Ҳукуматнинг 2 та қарори битта ҳужжатга бирлаштирилмоқда. Лойиҳа қуйидаги талабларни бекор қилишни кўзда тутади:
нодавлат ташкилотларининг грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Ташқи ишлар вазирлигининг хулосасини олиш;
грант лойиҳасини амалга оширишга бириктирилган миллий ҳамкор томонидан лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда унинг муддатини белгилаш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бериш;
қиймати БҲМнинг 2 000 бараваригача бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни миллий ҳамкор билан биргаликда тасдиқлаш;
қиймати БҲМнинг 2 000 баравари ва ундан юқори бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;
грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижросига бағишланган йиғилишлар ўтказиш, грант лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорларни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;
грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижроси якуни бўйича умумлаштирилган маълумотни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
Адлия вазирлиги томонидан миллий ҳамкордан “йўл хариталари”нинг ижроси бўйича жорий ва якуний маълумотни сўраб олиш;
давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида имзоланадиган меморандумлар лойиҳаларини Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш учун киритиш.
Лойиҳада қуйидаги янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда:
биринчидан, пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини кенгайтириш;
иккинчидан, давлат органларини фақат умумий қиймати БҲМнинг 1 000 баравари (330 млн. сўм) ва ундан юқори бўлган лойиҳаларга бириктириш;
учинчидан, нодавлат ташкилотлари томонидан халқаро грант лойиҳаларини амалга ошириш якунлари бўйича лойиҳа натижаси тўғрисидаги маълумотларни www.e-ngo.uz порталига жойлаштириш;
тўртинчидан, нодавлат ташкилотининг грант лойиҳасида ҳамкор сифатида иштирок этувчи давлат ташкилотини ўзгартириш тартибини аниқ белгилаш.