Ўзбек сўми дунёдаги энг заиф валюталар ўнталигига кирди

Улашиш:

АҚШ доллари дунёда энг кўп ишлатиладиган ва кучли валюталардан бири сифатида кўриб келинади. Шу жиҳатдан, Forbes нашри бошқа валюталарнинг АҚШ долларига нисбий қийматидан келиб чиққан ҳолда, номинал жиҳатдан дунёдаги энг заиф валюталар ўнлигини эълон қилди.

Хусусан, Эрон риали дунёдаги энг қадрсиз валюта деб топилган. 1 АҚШ доллари – 42 273 Эрон риалига тенг. Иккинчи поғонада Вьетнам донги (1 доллар — 23 711 Вьетнам донги) жойлашган бўлса, кучли учликни Лаос кипи (1 доллар — 19 072 Лаос кипи) якунлаган.

Мазкур рейтингда ўзбек сўми еттинчи ўринда (20 июль ҳолатига кўра, 1 доллар — 11 600 сўм) қайд этилган.

Дунёдаги энг қадрсиз топ-10 валюта:

1. Эрон риали (1 доллар — 42 273 Эрон риали);

2. Вьетнам донги (1 доллар — 23 711 Вьетнам донги);

3. Лаос кипи (1 доллар — 19 072 Лаос кипи);

4. Серра-Леоне леонеси (1 доллар — 17 665 леоне);

5. Индонезия рупияси (1 доллар — 14,993 рупия);

6. Ливан фунти (1 доллар — 14,986 фунт);

7. Ўзбек сўми (1 доллар — 11 600 сўм);

8. Гвинея франки (1 доллар — 8,583 франк);

9. Парагвай гуарани (1 доллар — 7249 гуаран);

10. Уганда шиллинги (1 доллар — 3669 шиллинг).

1 АҚШ доллари – 7 сўм

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1994 йил 1 июлдан муомалага киритилган миллий валюта – сўм республиканинг барча ҳудудларида ягона тўлов воситаси сифатида ишлатилиб келинмоқда. Айтиш жоизки, сўм муомалага киритилган кунда валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўмга тенг бўлган. Кейинчалик мамлакатдаги асосий экспорт товарлари нархининг жаҳон бозорида тушиб кетиши ва ички бозорда валютага нисбатан талабнинг ошиши фонида сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши тезлашиб кетади. Жумладан, 1 долларнинг қиймати 1998 йилда 93,46 сўмни, 2002 йилда 750,05 сўмни, 2006 йилда эса 1 224,6 сўмни ташкил этади.

2010 йилда 1 долларнинг йил давомидаги ўртача қиймати 1586,5 сўмга тенг бўлган. Ўзбекистонда 2017 йилдан валютани эркин конвертация қилиш тадбирлари бошлангандан кейин долларнинг сўмга нисбатан расмий курси кескин ошган. Таққослаш учун, 2016 йилда 1 долларнинг сўмга нисбатан ўртача расмий қиймати 2 965,7 сўмга, 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра эса, 3239,6 сўмга тенг бўлган. Аммо банклардан валюта сотиб олишнинг имконияти деярли мавжуд эмас эди. Қора бозорда эса банкларга нисбатан доллар курси анча баланд бўлган.

2017 йилнинг 2 сентябрида «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинади ва 4210,35 сўм дастлабки курс бўлиши белгиланади. 2017 йил охирига келиб, 1 долларнинг қиймати – 8 120,7 сўмга етади.

2018 йил якунлари бўйича 1 доллар 8339,5 сўмни ташкил қилиб, долларнинг сўмга нисбатан қиймати йил давомида 2,7 фоиз ошади. Мос равишда, 2019 йилда (йил якунлари бўйича 1 доллар 9507 сўмни ташкил этган) долларнинг устунлиги 14 фоизга, 2020 йилда (йил якунлари бўйича 1 долларнинг қиймати 10476 сўм бўлган) эса 10,19 фоизга мустаҳкамланган.

2021 йилда 1 долларнинг сўмга нисбатан қадри 3,27 фоизга(10476 сўмдан 10819 сўмга), 2022 йилда 3,94 фоизга(10819 сўмдан 11246 сўмга) ошган.

Жорий йил бошидан буён Америка валютасининг ўзбек сўмига нисбатан устунлиги ортмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 1 доллар 11246 сўмни ташкил этган бўлса, 20 июль ҳолатига 11600 сўмга етган ёки 3,14 фоизга мустаҳкамланган. Охирги ойларда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланувчи Туркия ва Россия миллий валюталари қадрсизланишининг кучайиши сўм қадри пасайишига таъсир қилаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Умуман олганда, Ўзбекистон миллий валютаси 29 йилдан ошиқроқ вақт ичида АҚШ долларига нисбатан 1657 баробар қадрсизланган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.