Ҳар бир тадбиркорга алоҳида солиқчи бириктирилади — президент

Улашиш:

Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорга муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган солиқ ходими бириктирилади, дея маълум қилди президент. 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни тақдим этмайди, 2024 йилдан эса кичик бизнес субъектлари электрон ҳисобот тизимига ўтади.

Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилиш учун алоҳида солиқ ходими масъул бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бунда, йиллик айланмаси:

  • 1 млрд сўмгача бўлган микро бизнес вакиллари билан маҳалладаги солиқ ходимлари;
  • 10 млрд сўмгача бўлган кичик тадбиркорлар билан туман солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 млрд сўмгача бўлган ўрта бизнес корхоналари билан вилоят солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 млрд сўмдан юқори бўлган йирик корхоналар билан эса Солиқ қўмитаси ўринбосарлари шахсан ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб боради.

1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобот топширмайди. Бу ишлар билан маҳаллага бириктирилган солиқчилар шуғулланади.

2024 йил 1 январдан эса кичик бизнес субъектлари ва фермерларнинг ҳисоботини солиқ идоралари электрон шаклда юритадиган тизим бўлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитасига солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш бўйича тизим яратиш топширилди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.