Россия аскарлари наркотиклар таъсири остида урушга кирмоқда

Улашиш:

Россия аскарлари гиёҳванд моддалар таъсири остида Украинадаги урушга ташланмоқда. Россиянинг Кемерово вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими New Tab нашрига шу ҳақда маълумот берган. Ходимнинг сўзларига кўра, рус аскарлари уруш зонасида доимо ҳушёр, фаол ва кўтаринки кайфиятда бўлиш учун амфетамин қабул қилишмоқда. Унинг сўзларига кўра, психостимуляторлардан фойдаланиш «деярли ҳар бир урушда» кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.

«Беморларимиздаги жароҳатлар, албатта, муаммо. Аммо, менинг фикримча, кенг тарқалаётган ва потенциал хавфга эга асосий муаммо — наркотик қарамликдир. Оддий қилиб айтганда, урушдан қайтганларнинг кўпчилиги ёки пиёниста, ёки гиёҳванд бўлиб қолишмоқда», - деган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими.

Кемероволик шифокор кунига 200-250 беморни кўришга мажбур бўляпти. Ҳарбий хизматчилар устуворлик асосида қабул қилинади, албатта. Кузбасс касалхоналарида беморлар кўплигидан жой деярли йўқ. «Шунинг учун шифохонада кексалар, аёллар ва бошқа тинч аҳоли қатламлари учун шароит янада ёмонлашмоқда», дейди ходим.

Ходим гиёҳвандларнинг аниқ сонини айта олмади. Бундай маълумотлар одатда ошкор қилинмайди, қатъий сир тутилади.
Таъкидлаш керак, Россия Украинага бостириб кирганидан буён, турли манбларга кўра, 200 мингдан зиёд рус аскари ҳалок бўлган ёки мажруҳ бўлиб қолган. Кузбассдаги икки йирик шаҳардан бири Кемеровада Украинадаги босқинчилик урушидан келтирилган ҳарбий беморлар учта шаҳар шифохонасида даволанишади. Ҳозирда жароҳат олган рус аскарлари ҳисобига бу ерда жой танқислиги жуда кучайган. Бу ҳам камлик қилгандек, яқинда мазкур шифохона ходимларини Россия босиб олган ерларга жўнатиш ҳақида Москвадан янги буйруқ келган. Бу талаб бажарилса, нафақат жой, балки малакали шифокорлар танқислиги ҳам бошланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.