Sevimli телеканали муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Улашиш:

Тошкентдаги Миробод туман суди Sevimli телеканалига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жарима жазоси тайинлади. Канал композитор Рустам Худойбердиевнинг мусиқий асарларини муаллифнинг розилигисиз эфирга узатган ва интернет платформаларида тарқатган.

Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, мазкур асарлар Sevimli орқали нафақат телевидение орқали эфирга узатилган, балки YouTube ва Splay платформаларига ҳам юкланган. Бу ҳолатда на муаллифдан рухсат олинган, на расмий шартнома тузилган.

Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва суд томонидан муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузиш моддаси асосида қарор чиқарилди. Каналга нисбатан жарима қўлланилди ҳамда бузилган муаллифлик материаллари мусодара қилиниши белгиланди.

Ўзбекистон қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқини бузган шахсдан БҲМнинг 20 бараваридан 1 000 бараваригача компенсация ундириш имкони ҳам мавжуд. Бу компенсация муаллифнинг талабига асосан белгиланади.

Бу аввалги ҳолатлардан ҳам хулоса чиқаришга ундайди. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал хонанда Сардор Мамадалиев ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилган — у фарғоналик шоир Илҳомжон Комиловнинг шеъридан рухсатсиз фойдаланган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.