Аҳмадбой ишида суд ҳукми ўзгарди

Улашиш:
Олий суд кассация инстанцияси Аҳмадбой номи билан машҳур фирибгарлик ишига оид ҳукмга қисман ўзгартириш киритди – бу Аҳмадбойдан давлат эгалигига ўтказилиб, аукционда сотилган мулк билан боғлиқ.

2022 йилнинг апрел ойида фуқаро Б.Қ. аукцион орқали Олмазор тумани, Форобий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги квартирани қарийб 700 млн сўмга сотиб олади. Бу квартира 2015 йилдан 2019 йилгача расман чинозлик Аҳмадбой (ўз даврида жуда кўп миқдордаги фирибгарлик жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Аҳмаджон Турсунбоев)нинг мулки бўлган.

Ушбу хонадон 2019 йилда суд ҳукми билан Аҳмадбойнинг бошқа мулклари қатори давлат эгалигига ўтказилган ҳамда аукцион савдоларига чиқарилган. Ҳукмда сотувдан тушган маблағни зарар кўрган жабрланувчиларга пропорционал тарзда тақсимлаб бериш кўзда тутилган. Қарийб 2 йил давомида хонадон бир неча маротаба аукционга қўйилган, аммо сотилмаган.

Фуқаро Б.Қ. 2022 йил 27 апрел куни ўтган такрорий онлайн аукцион ғолиби бўлади ва уйнинг пулини тўлиқ тўлаб, мулкни ўз номига ҳужжатлаштириб олади. Аммо мулк эгаси сифатида сотиб олган уйига бориб яшай олмайди. Сабаби, хонадонда бошқа фуқаро – мазкур уйни 2015 йилда Аҳмадбойга сотган Н.Т. истиқомат қилиб келмоқда. Янги эга хонадонни бўшатиб беришни сўрайди, аммо собиқ эга уйни ўз ихтиёри билан бўшатишдан бош тортади.

Уйнинг аввалги эгаси ундан анча аввал айрилган

Аҳмадбой шериклари билан жиноий хатти-ҳаракатлари натижасида қўлга киритилган пул маблағларини легаллаштириш мақсадида асосан уй ва автомашиналар харид қилишган. Жумладан, низо объекти бўлган Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги квартира ҳам ана шундай – жиноий хатти-ҳаракатлари натижасида қўлга киритилган пул маблағлари эвазига сотиб олинган.

Фақат бу ўринда хонадон эгаси бўлган Н.Т. Аҳмадбойга эмас, уйини унга сотиб берган “маклер” А.Э.га алданиб қолган.

2015 йилнинг август ойида фуқаро А.Э. таниши Н.Т. Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги хонадонини сотмоқчи бўлиб юрганини эшитади. Унга уйини сотиб олиш учун мижоз топиб беришини айтади ва шу йўл орқали унинг ишончига киради. “Маклер” мазкур хонадон ўз уйи эканлигини айтиб, уни 90 минг АҚШ доллари эвазига Аҳмадбойга сотади ва нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштиришга эришади.

А.Э. Аҳмадбойдан олган 90 минг долларни уй эгаси бўлган Н.Т.га бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Судда сўралган А.Э. фуқаро Н.Т. Аҳмадбойни танимаслигини, унинг уйи ўзи айтган нарх – 90 минг долларга сотилгани, пуллар 6 ойда 3 марта бўлиб берилишини айтганида уй эгаси бунга рози бўлганлигини, шу сабабли нотариус орқали расмийлаштирув жараёнида олди-сотди шартномасига имзо қўйиб берганлигини айтиб, кўрсатма берган. Шунингдек, у ўз кўрсатмасида Аҳмадбой хонадонни қонунан сотиб олганлигини, 2015 йилнинг июл-декабр ойлари оралиғида ундан 90 минг доллар пулни олиб, уй эгасига бермасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини, одамлардан қарзи кўпайиб кетганлиги сабабли ишлари орқага кетиб, Н.Т.нинг пулларини қайтара олмаганлигини таъкидлаган.

Уй эгаси бўлган Н.Т. эса судда уйга “клент” топиб келган А.Э.дан 90 минг доллар нарх харидорларга тўғри келган-келмаганлиги сўраганини, А.Э. унга хотиржам бўлишини, у айтган нархга кўнишганлигини, фақат пулни 3 марта бўлиб беришларини айтганлигини таъкидлаган. Шунингдек, у 2015 йил август ойининг ўрталарида Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги нотариусда уйни расмийлаштириш жараёнида олди-сотди шартномасига А.Э.га ишонганлиги сабабли имзо қўйиб берганлигини айтиб, кўрсатма берган.

Судда сўралган Аҳмадбой А.Э.га 90 минг долларни тўлиқ берганлигини, Н.Т.ни умуман кўрмаганлиги ва танимаслигини билдирган.

Шу тариқа, фирибгар маклерга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у суд ҳукми билан 7 йил 7 ой озодликдан маҳрум этилган. 90 минг доллар маблағни эса суд ҳукми чиқарилган кундаги қийматдан келиб чиқиб 855 млн сўм миқдорида Н.Т. фойдасига ундириш белгиланган. 

Жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланиб, масала ҳам ҳуқуқий, ҳам мантиқий якунини топган.

“Аҳмадбой иши” ортидан унинг мулклари, жумладан низо объекти бўлган юқоридаги хонадон ҳам аукционга чиқарилиб, сотувдан тушган маблағ жабрланувчиларга тақсимлаб берилган.

Н.Т. уйдан мажбурий чиқарилиши керак, аммо...

Н.Т. уйдан ўз ихтиёри билан чиқмагач Б.Қ. аёлни мажбурий тартибда чиқариш учун судга мурожаат қилган. Ишни 2022 йилнинг 22 август куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди кўриб чиқади. Суд даъво аризани қаноатлантириб, Н.Т.ни Олмазор тумани, Форобий кўчаси 12-уй 5-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

Кейинчалик апелляция ва кассация тартибида кўрилган судлар ҳам биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирган. Бу орада Н.Т.нинг уйдан кўчиришни тўхтатишни сўраб судга қилган мурожаатлари рад қилинган.

Бироқ Олий суднинг 2022 йил 31 октябрдаги ажрими билан суд қарорларининг ижроси, яъни Н.Т.ни мажбурий тартибда уйдан чиқариб юбориш тўхтатилади. 2022 йил 29 декабрда суд қарорларининг ижросини тўхтатиш ҳақидаги кўрсатма бекор қилинади.

2023 йилнинг 12 январ куни Олий суд раиси ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаевнинг кўрсатмаси билан Н.Т.ни уйдан мажбурий тартибда кўчириш иккинчи бор тўхтатилади. 25 февралда ижро ҳаракатларини давом эттиришга рухсат берилади.

Олий суд раиси ўринбосари 2023 йилнинг 3 март куни суд қарорлари ижросини тўхтатиш ҳақида яна кўрсатма беради. 13 апрелга келиб ижро ҳаракатлари қайта тикланади.

2023 йилнинг 20 апрел куни Н.Т.ни уйдан мажбурий тартибда кўчириш Олий суд раиси ўринбосарининг кўрсатмаси билан тўртинчи бор тўхтатилади. Орадан кўп ўтмай эса ижро ҳаракатлари қайта тикланади.

2023  йил 14 июл куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Н.Т.нинг суд қарори ижросини кечиктириш ҳақидаги аризасини кўриб чиқади. Суд ижро ҳаракатларини икки ойга, 2023 йил 14 август кунига қадар кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради.

Олий суд масаланинг оёғини осмондан қилиб ташлади

Аҳмадбой ва бошқаларга оид жиноят иши Олий суд раиси ўринбосари томонидан киритилган протест асосида 2023 йил 10 июл куни такроран кассация тартибида кўриб чиқилган. Олий суд раиси ўринбосари протестда суд қарорларининг фуқаровий даъвога оид қисмидаги Олмазор тумани, Форобий кўчаси 12-уй 5-хонадонни жабрланувчиларнинг зарарларини қоплашга қаратиш қисмини, шунингдек, дастлабки тергов органининг 2016 йил 23 июндаги юқоридаги мулкни хатлаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни сўрайди.

Судлов ҳайъати ажримида келтирилишича, Н.Т. ўз мулкидан А.Э.нинг унга нисбатан содир этган фирибгарлик жинояти оқибатида маҳрум бўлган ва бу ҳолат эса судларнинг эътиборидан четда қолган. 

Шунга кўра, судлов ҳайъати протестни қаноатлантирган. Н.Т.га эса мулкнинг бегоналаштирилишида бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш тушунтирилган.

Аммо бу ерда иккинчи томон – уйни аукциондан қонуний тартибда сотиб олган Б.Қ.нинг бузилаётган ҳуқуқи ҳам бор.

Хусусий мулк давлат томонидан ҳимоя қилинади. Айни пайтда низоли уй хусусий мулк сифатида Б.Қ.га тегишли. Фуқаролик кодексининг 229-моддасига кўра, агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, уни талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди. 

Қолаверса, Б.Қ. аукцион ғолиби ҳисобланади. Президентнинг 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427-сонли қарорига кўра, аукцион ғолибининг айби бўлмаган тақдирда, маъмурий тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома бекор қилинмайди ёки ўзгартирилмайди.

Ҳозирда Б.Қ. Олий суд раисига такрорий кассация шикояти киритган. Қонун устуворлиги ва адолат таъминланиши борасида Бош прокуратура ва Олий суддагилар яна бир бор бош қотириб кўришлари керакка ўхшайди.

Тобора чигаллашиб бораётган мазкур масала қайси томон фойдасига ҳал бўлади, буни вақт кўрсатади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.