Жамоатчилик саволи: Мактаб директорини ишдан бўшатган ва қаматган Сурхондарё ҳокимига чора кўриладими?

Улашиш:

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов (Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори) ва Сариосиё туманидаги мактаб директори Умида Турсунова ўртасида бўлиб ўтган даҳанаки жанжал жамоатчиликни жунбушга келтирди. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода англашиладики, ҳоким ўқитувчини ишдан олганини айтган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, вилоят раҳбари бу буйруғи билан мансаб ваколатидан четга чиқиш ва уни суиистеъмол қилиш жиноятини содир этган. Чунки ҳоким мактаб директорига иш берувчи эмас.

Фото: видеодан кадр

“Қонунбузарлик жамоат кўз ўнгида содир этилиши миллат ва давлат учун мисли кўрилмаган ҳурматсизликдир”

Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, ҳокимда мактаб директорини ишдан олиш ҳуқуқи йўқ.

Абдураҳмон Ташанов
Фото: Facebook
“Меҳнат кодексининг 170-моддасига кўра, мактаб директорига иш берувчи Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳисобланаркан, ҳоким бу буйруғи билан мансаб ваколатидан четга чиқиш ва уни суиистеъмол қилиш жиноятини содир этди. Мажлисда ҳокимнинг қарорига эътироз билдирган мактаб директори “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг майда безорилик моддаси билан жаримага тортилиб, қамоққа ташланди. Суднинг ҳоким истагини қонунлаштириши ва шахсни адолатсиз ҳибсга олиш қарори юртдошларимиз учун янгилик эмас, албатта. Аммо бу қонунбузарликнинг жамоат кўз ўнгида содир этилиши миллат ва давлат учун мисли кўрилмаган ҳурматсизликдир. Ҳоким собиқ прокурор ўлароқ бундай шармандаликка қўл ураркан, ҳурматсизликнинг бадали икки ҳисса юқори бўлиши керак”, — деб ёзади ҳуқуқ фаоли.
Фото: видеодан кадр

Абдураҳмон Ташановнинг қўшимча қилишича, бу ҳолатга Олий суд ва бош прокуратура дарҳол изоҳ бериши зарур.

“Мактаб директорининг лавозимига муносиблиги масъулияти тегишли вазирлик зиммасидаги ишдир. Биз янги Конституция муқаддимасини мамлакатнинг ҳуқуқий давлат экани ҳақидаги норма билан бошладик. Агар муқаддимадаёқ унга тажовуз қилсак, унга тўла амал қилишни ўйламасак ҳам бўлади. Илтимос, ҳеч ким “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини эслатмасин, ҳокимларга ўхшаб сўкиниб юбораман”, — дея фикр билдирган у.

Ҳоким қонун олдида жавоб бериши керак

Ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев Telegramдаги каналида воқеа юзасидан муносабат билдирди.

Саидали Мухторалиев
Фото: Telegram

“Ҳоким жаноблари қонун олдида жавоб бериши керак. Кейин мактаб директори алоҳида ҳимояга олинмас экан, унга нисбатан ҳар хил асоссиз бўҳтонлар ўйлаб топилиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, бу опага нисбатан маъмурий қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судьянинг масаласи Судьялар олий кенгаши томонидан, албатта, кўриб чиқилиши керак.

Гап бу ерда судьянинг мустақиллиги ҳақида кетяпти. Катта эҳтимол билан мактаб директорига нисбатан қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судья ҳокимлик босими остида мустақил ҳаракат қилмаган бўлиши мумкин. Ҳатто президент судьяларнинг мустақиллиги борасида қатъий талаблар қўяётган бир вақтда, буни истамаётган ва бунга лойиқ бўла олмаётган судьяларга тизимда умуман ўрин йўқ. Бу воқеа таълим ташкилотлари фаолиятига ҳокимларнинг асоссиз аралашувига зудлик билан барҳам берилишини талаб этмоқда”, — деб ёзган мутахассис.

Фото: видеодан кадр

Журналист Ибрат Сафо Facebookдаги саҳифасида масъулларга бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

Ибрат Сафо
Фото: Facebook
“Сурхондарё ҳокимига ўқитувчини ишдан бўшатгани ва қаматгани учун чора кўриладими? Ҳокимнинг буйруғи асосида жиноий иш очган терговчилар ва қамаш ҳукмини чиқарган судьяга чора кўриладими? Ўқитувчи аёл даъволарида мактабга тегишли ерни сотган “Бобоев” тергов қилинадими?”, — журналист шу сингари саволларни берган.

Умуман олганда, ҳокимнинг мактаб директорига нисбатан қилган қўполлиги кўплаб ижтимоий тармоқлар фаоллари эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, Умида Турсуновани қаматгани норозиликларни кўпайтирди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг аралашуви билан ҳозирда мактаб директори озодликда экани айтилмоқда. Бухоро сафарида бўлиб турган вазир, шахсан ўзи Турсуновага қўнғироқ қилиб, гаплашгани акс этган видео тарқалди. Суҳбатда ўқитувчи: “Эртага нима бўларкин, тинч қўйишармикин, деб ўйлаяпман?”, — деб айтган. Вазир ҳаммаси яхши бўлиши, педагоглар ортида давлат раҳбари турганини бир неча бор таъкидлаган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.