Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилади

Улашиш:

Кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳар бир давлатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига, ишсизлик даражаси камайишига ва аҳоли фаровонлигининг ошишига ёрдам беради.

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган янгиликлардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир.

Қарорга мувофиқ, “оилавий тадбиркор – микро бизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири йўлга қўйилиб, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда яхлит молиявий тизим шакллантирилади. Шу билан биргаликда ушбу тоифадаги тадбиркорларнинг бизнес кўникмаларини ошириш мақсадида ўрта ва қисқа муддатли амалий ўқув курслари ташкил этилади.

Мазкур қарорнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири бу 2024 йилда
 2 млн. аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тизимнинг жорий этилишидир.

Бу борада “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватланади.

Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади.

Кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади.

Ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади. 

Шу билан бирга, 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларни (маҳсулотларни) давлат буюртмачиларига бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилади.

Ушбу мақсадларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун Бизнесни ривожлантириш банкига жами 300 млн доллар, шу жумладан 75 млн доллақр банкнинг устав капиталини оширишга ва 225 млн доллар 15 йил муддатга 5 фоиз ставкада субординар қарз сифатида маблағлар ажратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарор республикамизда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ташаббусларини молиялаштириш ва лойиҳаларини амалга оширишида муҳим ҳужжат ҳисобланади. 

 

Жамшид Зарипов 

Бизнес-омбудсман девони

етакчи инспектори

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.