Оилавий тадбиркорликни бошлаш ёки давом эттириш учун имтиёзли кредит қандай олинади? Ариза топшириш тартиби қандай?

Улашиш:

Ижтимоий тармоқлар орқали Марказий банкка Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар олиш, бунинг учун www.oilakredit.uz ягона электрон платформаси орқали ариза юбориш, ҳоким ёрдамчилари томонидан берилаётган тавсиялар, таъминот билан боғлиқ ҳолатлар ва бошқа кўплаб саволлар келиб тушмоқда.

Мазкур саволларга Марказий банкнинг Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи Турғун Ҳакимовнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар қанча муддатга, неча фоиздан ва қайси соҳаларга ажратилади?

Жавоб: Бугунги кунда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига умумий тартибда асосий қарз бўйича 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилади.

Дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар:

- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;

- боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун –
3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;

- “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хомашё материалларини харид
қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳоким ёрдамчиси томонидан кредит олиш учун тавсиялар берилмоқда. Ушбу тавсияларга кўра берилаётган кредитлар учун маҳаллаларга ўрнатилган ресурслар (лимитлар) қандай шакллантирилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-55-сонли қарорига асосан 2022 йилда йўналтириладиган 10 трлн.сўм маблағларнинг 7 трлн. 620 млрд. сўми аввал берилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобидан ажратилади.

Шу сабабли қарорнинг 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарларига тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилиши вазифаси юклатилган.

Агар ҳудудларда ушбу кредитларни сўндириш графиги ижроси таъминланмаса, айнан ўша ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилиши белгиланган.

Қарордан келиб чиқиб, жорий йилда бериладиган кредитларнинг асосий қисми аввал берилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобига берилади, агар кредитлар ўз вақтида сўндирилмаса, қайтмаган қисмига мос равишда кредит ажратиш имконияти чекланади.

Шунга кўра, ҳар бир МФЙ бўйича аввал берилган кредитларнинг сўндирилган қисми ҳоким ёрдамчиси тавсиясига кўра дастурлар доирасида янги қарз олувчига ажратиладиган кредитлар бўйича ресурслар (лимитлар)нинг асосий манбаси ҳисобланади.

Дастурлар доирасида ресурс (лимит) маблағлари етарли бўлмаган тақдирда платформа орқали бу ҳақда масъул ҳоким ўринбосари раҳбарлигидаги туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказига маълумот берилади. Бу МФЙ жойлашган туман ёки шаҳарда олдинги имтиёзли кредитлардан қайтарилган маблағ ҳажми мавжуд тавсияномалар бўйича янги имтиёзли кредитларни ажратиш учун етарли эмаслигини билдиради.

Ўз навбатида, илгари ажратилган кредитлар сўндирилиши ҳисобига ресурслар шаклланиши билан ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига асосан платформада дастлаб автоматик тарзда қайд этилган навбат асосида кредит ажратиб берилади.

Савол: Ҳоким ёрдамчилари томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича қанча миқдорда кредитлар учун тавсиянома берилади?

Жавоб: ПҚ-55-сонли қарор бўйича тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси билан берилади.

Шунингдек, 225 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги кредитлар кредит олиш истагини билдирувчи тадбиркорлик субъектларига ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида берилади.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар нақд пул кўринишида берилиши мумкинми?

Жавоб: Ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисми ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн. сўмгача миқдорда кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.

Савол: Оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича қандай мақсадлар учун кредит ажратилмайди?

Жавоб: Дастурлар доирасида қуйидаги мақсадлар учун кредит ажратилмайди:

- илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

- савдо-воситачиликни амалга ошириш;

- умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;

- ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни (мебель, уяли телефон, маиший техника ва бошқалар) сотиб олиш;

- енгил автотранспорт воситалари (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда иштирок этувчи кичик мототранспорт воситалари бундан мустасно), жумладан, йўловчи ташувчи автомобиллар сотиб олиш;

- маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;

- бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш (“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, шунингдек, дастурларда белгиланган шартлар асосида томорқа-ер эгаларига “дала дўконлари“ қуриш бундан мустасно).

Савол: Қандай ҳолларда қарз олувчининг аризаси ягона электрон платформа томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик рад этилади?

Жавоб: Қуйидаги ҳолларда қарз олувчининг аризаси ягона электрон платформа томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик рад этилади:

- 18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахс номидан ариза берилганда;

- муомалага лаёқатсиз фуқаро (I-II гуруҳ ногирони) номидан ариза берилганда;

- дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда;

- банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда;

- кредит тарихи бузилган қарз олувчилар (6 марта 60 кундан кечиктирган бўлса).

Савол: Ҳоким ёрдамчиси томонидан тақдим этилган маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисида тузилган далолатномани ўзгартирса ёки қайтадан тузса бўладими?

Жавоб: Ҳоким ёрдамчиси томонидан тақдим этилган маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисида ўрганиш натижасида тузилган далолатномаси масъул тижорат банклари ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан бекор қилиниши мумкин. Далолатномани рад этиш юзасидан масъул тижорат банклари филиаллари ҳамда Агентликнинг ишонч телефонларига мурожаат қилиш лозим.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлар учун ресурслар МФЙлар кесимида ким томонидан тақсимланган ва уларни қандай ўзгартирса бўлади?

Жавоб: МФЙлар кесимида ресурслар шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилиб, тақсимланиб, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланган. Ресурслар тақсимотини ўзгартириш учун шаҳар ва туман ҳокимлиги асослантирган ҳолда МФЙлар кесимида ресурсларни қайта тақсимлаб, вилоят ҳокимлигига тақдим этиши ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланиши зарур.

Савол: Аризамдаги кредит мақсадини ўзгартирса бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади. Ҳоким ёрдамчиси тавсиянома беришдан олдин кредит мақсади ва суммасига ўзгартириш киритса бўлади. Ҳоким ёрдамчиси платформа орқали келиб тушган аризаларга тавсиянома беришда қарз олувчининг яшаш манзилига ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жойига чиқиб, қарз олувчининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шарт-шароитини ўрганади ва одатда қарз олувчи билан тадбиркорлик фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилади. Шу жараёнда қарз олувчининг аризасидаги кредит мақсадини ва суммасини ўзгартириш мумкин.

Савол: Скоринг тизими орқали менинг аризам рад этилди. Сабабини кўрсам бўладими?

Жавоб: Сизга келган смсдаги интернет ҳаволага босиб, маълумот манбасига ўтган ҳолда сизнинг аризангиз рад этилгани сабабларини ўқишингиз мумкин.

Савол: Ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида олинган кредитлардан мақсадсиз ишлатилган ҳолатлар аниқлаганда қандай чоралар кўрилади?

Жавоб: Ушбу ҳолатда фаолият жойига борган ҳолда ҳоким ёрдамчиси ва МФЙ вакиллари иштирокида далолатнома тузилади ва далолатнома хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилади. Ўз навбатида, банк мақсадсиз ишлатилган кредитларни муддатидан олдин ундириш чораларини кўради.

Савол: Менинг аризам скоринг тизими орқали рад этилган эди. Кредит қарзларимни тўлиқ қопладим ва қайта ариза қолдирганимда яна скоринг тизими орқали кредит қарздорлигингиз бор, мазмунида рад этилмоқда. Ушбу ҳолатда нима қилсам бўлади?

Жавоб: Ҳудудингиздаги Марказий банк бош бошқармасининг ишонч телефонларига мурожаат қилган ҳолда бу ҳолатни бартараф этсангиз бўлади. Бу бўйича Марказий банк Сизга қайси банкдан қанча кредит олганингиз, скоринг тизими орқали кредит қарздорлигингиз, кредит тарихингиз ҳамда кредит бўйича қўшимча маълумотлар олишингизда амалий ёрдам кўрсатади.

Савол: “Маркетплейс” тизимидаги маҳсулотлар нархлари жуда қиммат. Нархлар бўйича кимга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари, Дастурлар ижроси бўйича ўтказилган йиғилиш баёнларида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат солиқ хизмати органларининг раҳбарлари дастур доирасида етказиб берилаётган маҳсулотлар нархининг сунъий ошиб кетишининг олдини олиши, бунинг учун “маркетплейс” тизимида ҳалол таъминотчилар фаолиятини назоратга олиш, товарларнинг муддатида ва сифатли етказиб берилишини таъминлашга шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.

Шу сабабли мазкур ҳолатда Сиз ҳудудий ҳокимликларга мурожаат қилишингиз зарур бўлади.

Савол: Менинг аризам скоринг тизимидан ўтди, ҳоким ёрдамчиси ҳам тавсиянома берди, таъминотчи билан ҳам шартнома тузилган. Барча ҳужжатлар тайёр бўлса-да банк кредитимни сабабсиз чиқариб бермаса, кимга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Ушбу ҳолатда Сиз хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг вилоят бошқармасига ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаларига оғзаки ёки ёзма мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол: Мен таъминотчидан маҳсулотларни олганимга бир неча ҳафта бўлганига қарамай, ҳоким ёрдамчиси келиб далолатнома тузмаса, кимга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Бу ҳолатда Сиз туман (шаҳар) Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол: Электрон платформага юридик шахс сифатида топширган аризам учун ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсиянома берилди, лекин аризам банкда кўринмаяпти?

Жавоб: Аризада кўрсатилган кредит маблағидан келиб чиқиб, аризани кўриб чиқиш бир неча босқичда амалга оширилади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган аризалардаги кредит миқдори жисмоний шахслар учун 33 млн. сўмгача ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун 225 млн. сўмгача бўлса, фақат ҳоким ёрдамчиси тавсияси етарли ҳисобланади. Бу ҳолатда аризалар ягона электрон платформада тижорат банкларида кўринади.

225 млн. сўмдан юқори бўлган лойиҳалар учун эса ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси билан бирга туман (шаҳар) ва ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг қарорлари талаб этилади. Туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази қарорлари тасдиқланганидан сўнг аризалар ягона электрон платформада тижорат банкларида кўринади.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, юқоридаги барча жараёнлар ягона электрон платформа орқали электрон тарзда амалга оширилади.

Савол: Дастурлар доирасида маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи) ҳисоб-фактурани қандай тарзда расмийлаштириб, имзолайди?

Жавоб: Маҳсулот етказиб берувчининг “маркетплейс” тизимидаги шахсий кабинети орқали шартномалар бўлими очилганда шартномалар жадвали кўринади. Жадвалнинг охирида ҳисоб-фактура бўлимнинг сони деб номланган устунида фактура расмийлаштирилмаган бўлса 0 (ноль) кўринади. 0 (ноль) устига босиб фактура ойнаси очилади, янги очилган ойнада ҳисоб-фактура қўшиш тугмаси босилади ва талаб этилган маълумотларни киритиб сақлаш тугмаси босилади. Сўнг электрон рақамли имзо (ЭРИ) калити ёрдамида яратилган ҳисоб-фактура имзоланади.

Савол: “Smart Market” электрон савдо майдонида етказиб берувчи (таъминотчи) ва мижоз ўртасида тузилган ҳамда тўлиқ имзоланган таъминот шартномаси ва ҳисобварақ-фактураси ҳоким ёрдамчиси томонидан далолатнома орқали рад этилганда шартномани таъминотчи билан қайтадан имзоласа бўладими?

Жавоб: Рад этилган тақдирда, қарз олувчи томонидан “Smart Market” электрон савдо майдони орқали электрон тарзда имзоланган маҳсулот етказиб бериш шартномаси ҳамда ҳисобварақ-фактураси дастлаб бекор қилиниши керак. Сўнг мижоз (аризачи) қайта маҳсулот етказиб бериш (таъминот) шартномасини қайта танлов асосида тузиш имкониятига эга бўлади.

Савол: Агар таъминотчи “Smart Market”да реквизитларини тўлдираётганда уникал код чиқмаса, нима қилиши керак?

Жавоб: Агар юридик шахс бўлиб, уникал коди чиқмаса, солиқ бошқармасига “Форма 08” тўлдириб топшириши керак. Агар ЯТТларда ҳам шундай ҳолат кузатилса, ЯТТнинг банкдаги ҳисоб рақамини солиқ бошқармасига мурожаат этиш орқали солиқ базасига бириктириш керак.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали расмийлаштирилган ва имзоланган кредит шартномасини бекор қилиш мумкинми?

Жавоб: Кредит шартномасини бекор қилиш учун таъминот шартномаси тузилмаган бўлиши шарт. Агар таъминот шартномаси тузилган ва имзоланган бўлса, биринчи навбатда, таъминот шартномасини бекор қилиб, сўнг кредит шартномани бекор қилиш мумкин. Таъминот шартномасига мувофиқ етказиб берилган маҳсулот бўйича ҳисоб-фактура имзоланган бўлса ва маблағлар тўланган бўлса, кредит шартномани бекор қилиб бўлмайди.

Савол: Мижоз ҳамда банк ўртасида шартнома тузилгандан кейин мижознинг фикри ўзгариб, кредитни олиш истагидан воз кечса, ариза қандай рад этилади?

Жавоб: Биринчи навбатда, мижоз ёки банк кредит шартномани рад этади (бир томон). Сўнг шартномани имзолаган иккинчи томон ҳам рад этиб, шартнома бекор қилинади. Шартнома бекор қилинганидан сўнг мижоз аризани бекор қилиши мумкин.

Савол: Таъминот шартномаси қандай тузилади ёки таъминотчи корхоналарни қаердан топса бўлади?

Жавоб: Таъминотчи корхона билан олди-сотди шартномаси smart-market.uz интернет сайти орқали тузилади. Бунда банк билан тузилган кредит шартномаси рақами ва санаси (кредит шартномаси ЭРИ калит орқали томонлар томонида тўлиқ имзоланган бўлиши шарт) ҳамда имзолаш учун ЭРИ калити зарур бўлади.

Савол: Аризанинг ҳолати анча вақт “навбатда” бўлиб қолса, нима қилиш керак?

Жавоб: Ягона электрон платформада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қолдирилган аризалар дастури, йўналиши ва мавсумийлигидан келиб чиқиб алоҳида навбат асосида ҳоким ёрдамчиси томонидан кўриб чиқилади. Ҳоким ёрдамчиси аризаларни кўриб чиқишда дастур, йўналиш ва мавсумийлигини инобатга олиб мустақил тарзда тавсия бериш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳолатда эса ҳоким ёрдамчиси томонидан аризани кўриб чиқишда кечикиш ҳолати мавжуд бўлса, бу вазиятда ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилиш лозим.

Савол: Дастурлар доирасида кредит аризасини бериш учун нималар (ҳужжатлар) талаб этилади?

Жавоб: Бугунги кунда “Ягона электрон платформа” орқали кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилмоқда ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа томонидан автоматик тарзда жўнатиладиган СМС орқали маълумот бериб борилмоқда.

Тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача ариза қолдиришлари учун уларнинг фуқаролик паспорт маълумотлари ҳамда уяли телефон рақами (тасдиқлаш кодини олиш учун), кейинчалик кредит берилиши маъқуллангандан сўнг маҳсулот етказиб берилиши билан боғлиқ таъминот шартномаси ва бошқа ҳужжатларни имзолаш учун ЭРИ калити зарур бўлади.

Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига 225 миллион сўмгача бўлган миқдорда ариза қолдиришлари учун лойиҳанинг бизнес режаси, кредит таъминоти сифатида учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови ва бошқа таъминот турларини тақдим этишлари зарур бўлади.

Шунингдек, 225 миллион сўмдан ортиқ миқдорда кредит олиш истагини билдирувчи тадбиркорлик субъектларига ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори зарур бўлади.

Савол: Аризачи электрон платформа орқали аризасини хато юбориб қўйса, юборилган аризани бекор қилиши мумкинми?

Жавоб: Мумкин. Бунда телефон орқали СМС тарзида келган интернет ҳавола (ссылка, линк)га ўтилиб, телефон рақами тўлиқ киритилади ва бекор қилиш тугмаси босилади ҳамда келган тасдиқлаш коди киритилади.

Савол: Қандай қилиб Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа-ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурсидан ариза берса бўлади?

Жавоб: Ягона электрон платформада ариза қолдириш жараёнининг учинчи босқичида (харажатлар бўлими) Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа-ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси дастури ҳамда ПҚ-54-сон қарорга асосан молиялаштириш манбаси танланади.

Савол: Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида чорвачилик йўналишида қандай кредит олиш мумкин?

Жавоб: ПҚ-55-сонли қарорнинг 1-банди “г” қисмида чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида
10 бошдан 50 бошгача хориждан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилиши қайд этилган.

Савол: Марказий банкнинг асосий ставкаси ошганлиги сабабли Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида олинган имтиёзли кредитлар фоизи ҳам ошадими?

Жавоб: ПҚ-55-сонли қарорнинг 1-банди “б” қисмида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоизда берилиши қайд этилган, яъни бундай кредитлар Марказий банк асосий ставкасига боғланмаган.

Савол: Ҳунармандчилик йўналишида айланма маблағларни тўлдириш учун кредит олса бўладими?

Жавоб: ПҚ-55-сонли қарорнинг 1-банди “б” қисмида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача муддатга кредит ажратилиши белгиланган.

Савол: Илгари имтиёзли кредит олинган, бугунги кунда кредит қолдиғи мавжуд, яна имтиёзли кредит олиш мумкинми?

Жавоб: ПҚ-55-сонли қарорнинг 5-банди 3-хатбошида дастурлар доирасида аризачининг илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлиги тўлиқ сўндирилмаган бўлса, янги кредит ажратилишига рухсат берилмаслиги қайд этилган.

Савол: Мижоз имтиёзли кредит бўйича аризани тасдиқламаган бўлса, ўзгартирса ёки қайтадан ариза берса бўладими?

Жавоб: Мижоз томонидан ариза тасдиқланмаган бўлса, www.oilakredit.uz ягона электрон платформаси орқали қайтадан “ариза юбориш” ҳаволасига кирилади. Аризани қайта юборишни бошлаганда, “Сизнинг тасдиқланмаган аризангиз бекор қилинишини хоҳлайсизми” – “Ҳа” ёки – “Йўқ” бўлимлари чиқади. “Ҳа” тугмаси белгиланганидан сўнг аввалги ариза автоматик тарзда платформа базасидан ўчирилади!

Савол: Нима учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жисмоний шахсларга платформада наслли қорамол сотиб олиш учун ариза юбориш имконияти яратилмаган?

Жавоб: Сабаби ПҚ-55-сонли қарорга асосан чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида
10 бошдан 50 бошгача хориждан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.

Савол: Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳоким ёрдамчиларига ойма-ой лимит белгиланган. Аҳолининг имтиёзли кредитга талаби юқорилигини инобатга олиб,
3- ва 4-чорак лимитларини 2-чоракка қўшиб берса бўладими?

Жавоб: Йўқ. Сабаби ПҚ-55-сонли қарорга асосан кредитлар олдинги йилларда ажратилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилиши эвазига шаклланадиган ресурс маблағлари ҳисобидан ажратилиши белгиланган. Шуни инобатга олиб, ҳали сўндирилмаган кредитларни муддатидан олдин лимит қилиб ажратиш имкони йўқ.

Савол: Ҳоким ёрдамчилари кредит мақсадли ишлатилганлиги бўйича далолатнома бергандан сўнг банк қайтадан мониторинг ўтказиб, мақсадсиз деб топиб, кредит ажратмаслиги мумкинми?

Жавоб: Мумкин. Сабаби, ҳоким ёрдамчиси жойига чиқиб мониторинг қилганидан сўнг ҳам маҳсулотни таъминотчига қайтариб бериб, нақдлаштиришга интилиш ҳолатлари мавжуд. Мазкур ҳолатларни аниқлаш ёки олдини олиш учун банк филиаллари ходимлари жойига чиқиб ўрганиши мумкин ҳамда ўрганиш натижаларига кўра кредит мақсадсизлиги аниқланса, тегишли далолатнома расмийлаштиради. Шу билан бирга, агар кредит мақсадлилиги таъминланмаса ёки банк талабига кўра кредит маблағлари муддатидан олдин қайтарилмаса, банк томонидан айбдорларга нисбатан чора кўрилиши юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиниши мумкин.

Савол: Таъминотчи етказиб берган маҳсулотлар сифатли бўлмаса, бошқа бир таъминотчи билан шартнома тузса бўладими?

Жавоб: Таъминотчи томонидан етказиб берилган маҳсулот сифатсиз бўлган тақдирда таъминотчига маҳсулотларини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарган ҳолда ушбу таъминотчи билан тузилган шартнома қарз олувчи томонидан “Smart Market” электрон савдо майдонида бекор қилинади. Шундан сўнг бошқа таъминотчи билан қайта танлов асосида шартнома имзоланиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.